Ўзбекистонга келувчиларга «омикрон» штами тарқалишининг олдини олиш учун қатор чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, 15 январдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар (автомобиль ҳаракати бундан мустасно) киришидан камида 48 соат олдин ПЗР тест натижасини тақдим этиши, шунингдек, коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқлаш учун экспресс антиген тестини топшириши шарт.

Шу билан бирга, Қирғизистон ҳудудидан чегара автомобиль ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётганлар учун ҳам ушбу тартиб амал қилади. Қолаверса, ўзбекистонликлар, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара, Тоштепа, Бунёдкор, Жомий ва Қардошлик аҳоли пунктлари ҳудудига кириш ва чиқиш ҳамда транзит орқали ўтишида коронавирус инфекцияси учун барча турдаги тестларни топшириши талаб қилинмайди.

Таъкидланишича, 15 январдан Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасини икки давлат фуқароларининг кесиб ўтиши вақтинча тўхтатилади. Қуйидаги тоифадаги шахслар бундан мустасно:

  • ҳаво йўллари орқали кирувчи барча тоифадаги фуқаролар;
  • ватанига қайтган Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари (кейинги ўринларда томонларнинг фуқаролари деб юритилади);
  • ҳукуматлараро курьерлик алоқаси ходимлари;
  • халқаро юк ташишни амалга оширувчи ҳайдовчилар;
  • расмий (ҳукумат) делегациялари таркибида бўлган шахслар;
  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари;
  • Қозоғистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон объектлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қозоғистон объектларга хизмат кўрсатувчи ходимлар;
  • ушбу давлатларда инвестиция лойиҳаси доирасида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон фуқаролари;
  • Ўзбекистонда доимий яшовчи Қозоғистон фуқаролари, шунингдек, Қозоғистонда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари;
  • ўқиш мақсадида бўлган томонларнинг фуқаролари;
  • оғир касал бўлган яқин қариндошларини кўриш ёки яқин қариндошларининг дафн маросимида қатнашиш мақсадида тиббий мақсадда кирувчи (кетаётган) томонларнинг фуқаролари;
  • вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадини Қозоғистон ҳудудида ва Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида ҳамроҳлик қилаётган томонлар фуқаролари.

Аввалроқ Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари мамлакатнинг Қозоғистон билан чегараси штат режимида қўриқланаётганини маълум қилганди.