16:20 | 14.01.22 2294

Ўзбекистон Қуролли кучларига 30 йил. Армия тарихи, унинг тузилмалари ва соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар

Bugun.uz колумнисти шу каби масалалар бўйича сўз юритади

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1993 йил 27 декабрдаги фармони билан 14 январь Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинган. Шундан бери мазкур сана Ватан ҳимоячилари куни сифатида байрам қилинади. Бугун Ўзбекистон Қуролли кучларининг 30 йиллиги республика бўйлаб кенг нишонланмоқда. «Bugun.uz» колумнисти Комрон Комилов шу муносабат билан Ўзбекистон Қуролли кучлари тарихи ва тизими, Ўзбекистонда ҳарбий мажбурият ва унинг турлари, мудофаа соҳасида сўнгги йилларда қилинган ўзгаришлар каби масалалар юзасидан сўз юритади.

Фото: «Bugun.uz»

Қуролли кучларга асос солиниши

Ўзбекистон Мустақилликка эришгач, тезда ҳал қилиниши лозим бўлган бирламчи масала бу, албатта, мудофаа билан боғлиқ эди. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 30 августда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида Ўзбекистон Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, миллий гвардия ва ноҳарбий (муқобил) хизмат ташкил этиш ҳуқуқига эгалиги, суверен мамлакат ҳудудида СССР Қуролли кучларини шакллантириш ва уларга раҳбарлик қилиш масалаларида ҳарбий сиёсатни амалга ошириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш нормаси ўрнатилди. Бу Ўзбекистонга ўз ҳарбий сиёсатини мустақил амалга ошириш ҳуқуқини берди. Мамлакат Президентининг 1991 йил 6 сентябрдаги фармонига асосан, Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди, унинг штат тизими ва ваколатлари белгиланди. 1991 йил 10 сентябрдаги фармонга биноан, Мудофаа Вазири айни вақтда Миллий гвардия қўмондони этиб тайинланди.

«Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги қонун асосида Ўзбекистон Олий Кенгаши 1992 йил 10 январда «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий қисмлари ва ўқув муассасаларини Ўзбекистон Республикаси тасарруфига олиш тўғрисида», 14 январда «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида» қарор қабул қилди. Унда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган собиқ иттифоққа қарашли ички ишлар ва Мудофаа вазирлигининг қисмлари, бирлашма, қўшилмалари, олий ўқув юртлари, ҳарбий тузилмалари мамлакатнинг қонуний тасарруфига олинади деб белгиланди.

1992 йил 24 мартда Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган Чегара қўшинлари бўлинмалари ҳақида»ги фармони билан Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирда Давлат хавфсизлик хизмати) ҳузурида Чегара қўшинлари бошқармаси ташкил этилди ва Ўрта Осиё чегара қўшинлари бўлинмалари унинг тасарруфига ўтказилди. Президентнинг 1992 йил 18 майдаги фармони билан бу қўшинлар республика тасарруфига ўтказилди. 1993 йилнинг 22 ноябрда «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий қисмининг жанговар байроғи тўғрисида»ги Президент фармони имзоланиб, Қуролли кучлар жанговар байроғининг ягона намунаси белгиланди. Олий Кенгашнинг 1993 йил 29 декабрдаги «Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунига биноан, 14 январь Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

Ўз навбатида, мудофаа соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги қонуни, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Қуролли кучларида ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунлари қабул қилинди. «Мудофаа тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига биноан мудофаа деганда Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлашнинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ахборот, ташкилий ва бошқа тадбирлари мажмуи тушунилади.

Ўзбекистон Қуролли кучлари тизими

Фото: «Bugun.uz»

«Мудофаа тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига Қуролли кучлар урушлар ва қуролли можароларни қайтариш ҳамда олдини олиш, Ўзбекистон миллий манфаатларини, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳамда аҳолининг тинч ҳаётини ҳимоя қилиш учун давлат томонидан ташкил этилган ва сақлаб турилган ҳарбий бирлашма, қўшилма ва қисмларни, шунингдек, бошқа ҳарбий тузилмаларни ўз ичига олади.

Мудофаага ва Қуролли кучларга раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Президенти — Қуролли кучлар Олий бош қўмондони амалга оширади. Уруш даврида мудофаа вазири бир пайтнинг ўзида Қуролли кучлар Олий бош қўмондони ўринбосари ҳисобланади. Қуролли кучларнинг кундалик фаолиятига раҳбарликни ўз бўйсунувида кучларнинг таркибига кирадиган ҳарбий тузилмалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарлари амалга оширади.

Ўзбекистон Қуролли кучлари таркибига қуруқликдаги қўшинлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари, махсус қўшинлар, чегара ва ички қўшинлар, Давлат хавфсизлик қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа вазирликлар ва муассасаларга қарашли ҳарбий бўлимлар киради.

Ҳарбий мажбурият

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига асосан давлатни ҳимоя қилиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурлиги белгиланган.

Шунингдек, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига кўра, Ўзбекистонни, унинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш мамлакат фуқароларининг конституциявий бурчидир. Умумий ҳарбий мажбурият фуқароларнинг Ўзбекистонни ҳимоя қилишга мажбурий ҳарбий тайёргарлигидан иборат бўлади ҳамда республикас Қуролли кучлари сафини тўлдиришни ва уларнинг резервини тайёрлашни таъминлаш мақсадида жорий этилади.

Умумий ҳарбий мажбурият:

  • фуқароларни ҳарбий хизматга тайёрлаш;
  • ҳарбий хизматга чақириш (кириш);
  • чақирув ёки контракт бўйича ҳарбий хизмат ўташ;
  • резервдаги хизмат;
  • муқобил хизмат;
  • ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этиш;
  • фавқулодда вазиятларда ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз бўлган тақдирда аҳолини муҳофаза этиш тадбир-чораларини қамраб олади.

Қонуннинг 4-моддасига кўра ҳарбий хизматнинг қуйидаги турлари жорий этилади:

  • муддатли ҳарбий хизмат;
  • сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;
  • контракт бўйича ҳарбий хизмат;
  • Қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Ўзбекистонда ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегараси контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар (матрослар), сержантлар (старшиналар) ва кичик офицерлар учун 45 ёш; катта офицерлар учун 50 ёш, полковниклар (I ранг капитанлари) учун 55 ёш; генерал-майор, генерал-лейтенант ва генерал-полковник ҳарбий унвонидаги офицерлар учун 60 ёш этиб белгиланади.

Умумий ҳарбий мажбурият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилмайди. Шуни эътиборга олиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шу каби бошқа органларига хизматга кириш тақиқланади.

Соҳадаги ўзгаришлар

Сўнгги йилларда мудофаа соҳасини ислоҳ қилиш, Қуролли кучларни замон руҳига мослаш, давлатнинг ҳарбий қудратини кучайтириш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Энг аввало, республиканинг Мудофаа доктринаси янгидан қабул қилинганини айтиш мумкин. Мазкур доктрина олдингиларидан ўзининг очиқлик хусусияти билан ажралиб туради. Яъни биринчи марта Мудофаа доктринасининг моҳияти кенг жамоатчиликка очиб берилди. Мудофаа доктринаси ҳарбий соҳада Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлашга доир принциплар ва ёндашувларни белгилайди. Доктринада давлат мудофаа сиёсатини ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш принциплари асосида қуради. Ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган асосий таҳдидлар сифатида қуйидагилар кўрсатилди:

  • ҳарбий ҳаракатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кўчиши хавфи бўлган ҳарбий можаролар;
  • давлат чегараси яқинида намойишкорона кўпайтириш;
  • Ўзбекистон суверенитетига ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш;
  • бевосита республика ҳудудига ёхуд қўшни давлатларнинг чегараолди туманларига ташлаш учун ноқонуний қуролли тузилмаларни ташкил этиш, ўқитиш ва қуроллантириш;
  • наркотрафик, қурол-яроғ, ўқ-дори, заҳарли ва портловчи моддалар, қўпорувчилик-террорчилик кабилар билан боғлиқ трансчегаравий ва халқаро уюшган жиноий фаолият;
  • ахборот-коммуникация маконидаги мафкуравий ва психологик ҳаракатлар.

Шунингдек, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг ташкил қилиниши миллий мудофаа-саноат комплексини шакллантириш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қуролли кучларнинг қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техниканинг модернизация қилинган намуналарига, шунингдек, бошқа ҳарбий-техникавий мол-мулкка бўлган талаб-эҳтиёжларини қаноатлантириш учун мўлжалланган мудофаа саноати комплексини босқичма-босқич ривожлантириб бориш мамлакат мудофаасининг иқтисодий, технологик ва ҳарбий-техникавий базасининг асосини ташкил этиши белгиланди. Радиоалоқа ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши мудофаа саноатида қилинган ислоҳотларнинг илк натижаларидан бири бўлди.

Ўз навбатида, ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг якдиллигини таъминлаш мақсадида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Мамлакатда узлуксиз ҳарбий таълимни йўлга қўйиш мақсадида эса янги Қуролли кучлар академияси шакллантирилди, ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар фаолияти такомиллаштирилди. Бунда «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейларини таъкидлаш мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон Қуролли кучларига 30 йил

Бугун Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил топганига 30 йил тўлди. Шу йиллар давомида давлатнинг мудофаа салоҳияти доимий равишда юксалтириб борилди. Буни рақамлардан ҳам кўриш мумкин. Хусусан АҚШдаги «Global Firepower» ташкилоти дунёнинг энг кучли армиялари рейтингида Ўзбекистон 139 та давлат орасидан 51-ўринни эгаллади. Унда Ўзбекистон армиясининг 420 танки, 1215 та зирҳли транспорт воситаси, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимида жами 194 та парвоз техникаси (уларнинг 66 таси ҳужумчи), 18 таси транспорт, 7 та машғулот самолёти, 89 та вертолёти (33 таси ҳужумкор) борлиги кўрсатилган. Рейтингда Ўзбекистоннинг йиллик мудофаа бюджети 15 миллиард долларга тенглиги ва бу кўрсаткич бўйича 139 давлат орасида 18-ўринда экани қайд этилган.

Кучли армия давлат суверенитети, чегаралари дахлсизлиги, тинчлик-осойишталигини таъминлашда бирламчи ролни ўйнайди. Шуни ҳисобга олиб, давлатнинг мудофаага доир ислоҳотлари устуворлигини асло йўқотмаслиги Президент томонидан алоҳида таъкидлаб келинмоқда. Жумладан, 13 январда бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида замонавий таҳдидлар хусусиятидан келиб чиқиб, 2022–2026 йилларда Қуролли кучларни янада ривожлантириш бўйича концептуал дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. Қуролли кучлар Бош штаби фаолиятини сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқиш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Албатта, бу каби чора-тадбирлар юрт тинчлигини таъминлашга хизмат қилади, шундай экан давлатнинг соҳадаги ислоҳотлари давомий бўлиши зарур.