Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев Telegram каналида маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Янги таклиф этилаётган лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилиш тартибини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан (810 минг сўм) беш бараваригача (1 миллион 350 минг сўм) миқдорда жаримага тортилади.

Агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача (2 миллион 700 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Бундай ҳуқуқбузарликлар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, судга юборади. «Жамоатчиликнинг кўплаб муҳокамаларига сабаб бўлиб келаётган қонуннинг парламентда кўриб чиқилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Энди давлат идоралари масъуллари очиқлик масаласига янада масъулият билан ёндашади», — дейди депутат.

Аввалроқ Ўзбекистонда хотин-қизларга гап отганлик, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиши ҳақида хабар берилганди.