Молиявий пирамида ўз ортидан аъзолар жалб қилиш орқали даромад олиш мақсадида яратилган махсус схема ҳисобланади. У XVIII асрда пайдо бўлган. Тахминларга кўра, биринчи молиявий пирамида 1717 йилда Франция молия вазири Жон Лоу томонидан ташкил этилган. У фирибгарлиги ошкор қилингандан сўнг Франциядан қочиб кетган.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда молиявий пирамида кенг жамоатчиликка «Аҳмадбой» номи орқали танилган. У бир неча ўн минг одамни қамраб олган молиявий пирамидани беш йил бошқарган. «Аҳмадбой» икки баробар қилиб қайтариш ваъдаси билан автомобиллар, қорамол, катта миқдордаги омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада олиш билан ноқонуний шуғулланиб келган. Аммо 2016 йилда унинг фаолияти қонуний равишда тўхтатилди. Унинг уйидан 13 миллиард 139 миллион сўм ва 8 миллион долларга яқин маблағлар топилган. Шундан сўнг «Аҳмадбой» ва унинг шериклари устидан бир неча эпизоддан иборат судлар бўлиб ўтди, дастлабки ҳукмга кўра, унга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган, 1 йил тадбиркорлик билан шуғулланиши тақиқланган ва энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жаримага тортилган.

Тарихда энг машҳур молиявий пирамидалардан бири Албан пирамидалари ҳисобланади. Бу йирик пирамида схемаси аҳолидан 2 миллиард долларга яқин маблағни олган, бу рақам мамлакат йиллик ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизини ташкил этган. 1997 йилда пирамидалар қулагандан сўнг ҳукумат тартибни тиклаш ва ғазабланган инвесторларни тинчлантириш учун ҳатто армияни жалб қилишга мажбур бўлган.

Колумбияда 2000 йилларнинг ўрталарида 4 миллион колумбиялик пирамида схемаларига 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритади. 2008 йилда битта схеманинг қулаши 13 та шаҳарда тартибсизликлар ва зўравонлик намойишларига олиб келади. Ҳукумат тартибни тиклаш учун фавқулодда ҳолат эълон қилади.

Бу каби кенг миқёсли схемалар, мисоллар жуда кўп. Россия ҳукумати бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида 2016 йил мартда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритади. Унга кўра, инвестиция ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тақдирда, маблағларни жалб қилиш бўйича фаолият учун жавобгарлик жорий қилинган.

Бу каби молиявий пирамидалар бутун дунёда ҳозиргача бор ва уларнинг сони мингдан ҳам кўп. Аммо ҳеч қайси давлат аҳоли пулларини ҳимоялаш мақсадида унинг бошқа бир қонуний версиясини ишлаб чиқмаган.

Марказий банкнинг банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари Баҳодир Мирзаевнинг айтишича, Ўзбекистонда молиявий пирамиданинг қонуний версияси тажрибадан ўтказилган. Аммо бу уриниш муаффақиятсиз бўлган.

«Марказий банк рухсати билан кредит уюшмалари 40–60 фоиздан қайтаришини айтиб, аҳолидан пул маблағларини олган. Улар бу суммани қайтариш учун бошқа кредит олувчиларга 60–80 фоиз билан кредит бериши керак бўлади. Табиийки, олган кредитини 60–80 фоизда қайтариш жуда мушкул. Бунинг натижасида юқори фоизларда кредит олганлар пулларни қайтара олмаган. Бу ҳолатда занжир узилиб, кўплаб микрокредит ташкилотлар ҳалигача аҳолидан олинган маблағларни қайтариб беролмаяпти. Аҳоли пули жалб қилингандан кейин уларни қайтариш механизми ишлаб чиқилсагина бундай фаолиятни амалга оширса бўлади», — деди Баҳодир Мирзаев.

Ўзбекистонда ҳозирда банк кредитлари 14 фоиздан 31 фоизгачани ташкил қилади. Аҳоли учун уй-жой, таълим, автокредит, истеъмол кредитлари мавжуд. Марказий банк аҳоли талабидан келиб чиқиб, кўп бора ислом молиясининг айрим жиҳатларини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш ҳақида режалари борлигини айтади. Аммо ҳалигача бу механизм мамлакат банк тизимидан йироқда.

Бу борада Президент 2020 йилнинг декабрида парламентга мурожаатида ислом молияси механизмларини Ўзбекистонда жорий этиш учун нобанк кредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга топшириқ берган эди. Шундан сўнг Марказий банк ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштираётганини айтган.

Ислом молияси — бу шариат тамойилларига мос келадиган молиявий фаолият. Ислом банкингида кредит миқдори ва муддатига қараб ҳисобланган фоизлар ёки ставкаларни олиш тақиқланади.