Ўзбекистонда январь, февраль, март ойларида тўлиқ эмланган фуқаролар ўртасидаги лотереяда автомобиль ўйналади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 20 нафардан ортиқ эмланувчиси бор ташкилотларга сайёр эмлаш бригадасини жалб этиш имконияти яратилган. Қайд этилишича, 2022 йилнинг январь, февраль ва март ойларида эмланганлик сертификатини олган фуқаролар ўртасида қимматбаҳо ютуқли ўйин ташкил этилади. Бош совринга автомобиль қўйилади.

Қолаверса, корхона раҳбарлари ва тадбиркорлардан 2022 йил 20 январга қадар ходимларини коронавирусга қарши эмланишини таъминлаш ҳамда сабабсиз эмланмаганларни ишга қўймаслик сўралган. Эмлашга қарши тиббий кўрсатмаси бор фуқаролар бундан мустасно. Тиббий чекловлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг интернетдаги ресурсларида мавжуд.

Шунингдек, вазирлик кескинлашаётган коронавазият юзасидан тадбиркор ва ишбилармонларга мурожаат йўллаган:

«Вакцинация нафақат пандемия билан боғлиқ чекловларга эҳтиёж қолдирмай, иқтисодиётимизнинг узлуксиз ривожланишига хизмат қилади. Балки, бу сиз, яқинларингиз, ходимларингиз ҳамда мижозларингиз саломатлиги ҳимояси учун ҳам энг муҳим чорадир. Касаллик кенг тарқалишининг олдини олишда, бу синовли кунлардан омон-эсон ўтишимизда ўз ҳиссангизни қўшинг», дейилади хабарда.

Аввалроқ Туризм ва спорт вазирлигида блогерлар, вазирликлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан коронавирусга қарши вакцинациялаш жараёни темпини ошириш ҳақида бўлиб ўтган йиғилишда жамоатчилик вакилларидан эмлаш жараёни кўламини ошириш борасида фикр, таклифлар олинганди.