Президент 13 январь куни «Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қарор билан Самарқанд давлат университетига атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи берилди. Шунингдек, олийгоҳда трансформация офиси ташкил этилади.

Трансформация офиси университетни 2026 йилгача халқаро рейтингда биринчи 1000 талик рўйхатга киритишга масъул ҳисобланади. Қарор билан ОТМни 2022–2025 йилларда ривожлантириш дастури ва мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган. Дастур доирасида ёшларни илмий-тадқиқот, конструкторлик ва инновацион ишларга фаол жалб этиш асосида стартап маркази ташкил қилинади.

Шунингдек, университетда қуйидагилар ташкил этилади:

  • Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти;
  • Муҳандислик физикаси институти;
  • университетнинг Ургут филиали.

Мазкур институтларда ва Ургут филиалида таълим кредит-модуль тизими асосида 2022/2023 ўқув йилидан бошланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ВГИКнинг Тошкент филиали очилиши ҳақида хабар берилганди.