Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев 14 январь тунги соат 03:00 ларда Тошкент шаҳар тез ёрдам станциясида бўлиб, тез тиббий ёрдам ходимлари иш жараёни билан танишди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бўраётгани сабаб тез ёрдам хизматига мурожаатлари кўпайиб бормоқда. 103 хизматига чақириқлар сони ортгани ва иш юкламаси кўпайиб бораётгани сабаб вазир топшириғи билан қўшимча 40 та замонавий жиҳозланган тез ёрдам машинаси фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, Call-марказ иш самарадорлигини ошириш учун 30 та янги оператор ўрни яратилди. Тез ёрдам бригадаларининг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида улар қўшимча 100 дона планшет билан ҳам таъминланади. Шунингдек, бригадалар учун зарур миқдорда коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган «Covid-box»лар ажратилади.

Қайд этилишича, коронавируч аниқланган беморларга амбулатор ва уйига борган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 1 тадан махсус Covid поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилди. Қолаверса, пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли ва 66 та оилавий поликлиникаларда махсус мобиль бригадалар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда болалар орасида ўткир респиратор касалликлар кўпайиши сабаб ССВ вазири шошилинч йиғилиш ўтказганди.