«Толибон» Ўзбекистон билан алоқалари ҳақида маълумот берди
Аввалроқ ҳаракат мамлакатдан афғон самолёт ва вертолётларини қайтаришни сўраганди
«Толибон» Ўзбекистонни афғон самолёт ва вертолётларини қайтаришга чақиргани хабар қилинганди. Ҳаракат матбуот котиби Суҳаил Шоҳин авиация техникаси атрофидаги қарама-қаршиликлар ва Ўзбекистон билан муносабатлар ҳақида маълумот берди.

Келтирилишича, «Толибон» расмийси авиация техникаси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бу қардош давлатлар билан муносабатларга таъсир қилмаслигини таъкидлаган. У афғон халқи Ўзбекистон билан азалдан яхши муносабатга экани ва бу давлат узоқ вақтдан буён «Толибон»нинг сиёсий раҳбарияти билан яхши алоқа ўрнатганини қайд этган.
«Ўзбекистон Афғонистон халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдами жўнатган, биз бундан миннатдормиз. Мазкур давлат Афғонистондаги мегалойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқчи. Биз иккаламиз ҳам мусулмон давлатмиз, бир-биримиз билан тинчлик ва биродарликда яшашни хоҳлаймиз. Бу ва бошқа ҳар қандай масалани дипломатик йўл билан ҳал қилишимизга ишонаман», — дейди у.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Ўзбекистон билан чегарадош вилоятга махсус кучларни жойлаштирганди. Шунингдек, ҳаракат Тожикистон билан чегарага минглаб жангчиларни жойлаштиргани маълум қилинган.