Тошкент шаҳрида аэропортга олиб борувчи кўприкнинг бир томони 15 кунга ёпилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Харита: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Яккасарой туманининг КХАЙ ва Бобур кўчалари кесишмасида жойлашган автомобиль йўл ўтказгичи аэропорт йўналишидаги томонининг битта йўлагини таъмирлаш бошланган. Йўлсозлик тадбири 15 кун давом этади.

Шу сабабли мазкур йўл ўтказгичнинг аэропорт йўналиши томонига ҳаракат мавжуд учта йўлакнинг иккитасида амалга оширилади. «Ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчаси билан кесишмасидан Нурафшон кўчасигача бўлган оралиғидаги икки томонлама йўлнинг бир томони 7–17 ноябргача қисман ёпилган эди. Шунингдек, Тошкентнинг айрим кўчаларида транспорт ҳаракати 30 кунга чеклангани хабар қилинган.