Тошкент шаҳрида 13 январь куни Халқлар дўстлиги саройи олдида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган кўргазмадаги ҳарбий техника ёниб кетди. Миллий гвардия ахборот хизмати «Bugun.uz»га воқеа тафсилотларини маълум қилди.

Кадр: Telegram

Аниқланишича, воқеа соат 22:20 атрофида Халқлар дўстлиги санъат саройи майдонида содир бўлган. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий техникалар кўргазмасидаги Миллий гвардия зирҳли техникасининг салон қисмида қисқа туташув сабаб ёнғин келиб чиққан.

Ҳодиса қисқа вақтда бартараф этилган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган. «Электр қисқа туташуви ҳар қандай автомобилда содир бўлиши мумкин. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби ўрганилмоқда», дейилади Миллий гвардия хабарида.

Миллий гвардия ахборот хизматининг аниқлик киритишича, ёнғин содир бўлган ҳарбий техника кўргазмадан олиб кетилган.


Аввалроқ Қашқадарё вилоятида «Nexia» қисқа туташув сабаб ёниб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қашқадарёда юк машинаси ёниб кетган.