Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги умумий овқатланиш масканида муштлашув содир бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Тергов департаменти

Маълум бўлишича, 6 январь куни соат 18:00 да 39 ёшли Хитой фуқароси С.В. Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган умумий овқатланиш масканининг бирида оила аъзолари билан овқатланиб ўтирган 36 ёшли К.Д. билан келиб чиққан ўзаро тортишувдан сўнг унинг бош қисмига ўнг қўлини мушт қилган ҳолда бир маротаба зарба бериб, тан жароҳатини етказган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида К.Д.да енгил турдаги тан жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан С.В.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида аниқланишича, С.В. ҳамда К.Д. навбатларини бўлиша олмай қолганликлари, шу вақтда С.В. фуқаро К.Д.ни инглиз тилида ҳақорат қилгани сабабли жанжал кўтарилиб, тортишув сабаб С.В. уни уриб тан жароҳат етказган.

«Ҳурматли фуқаролар, корхона, муассаса, ташкилот ва идораларга ташриф буюрганингизда жамиятда юриш-туриш қоидаларига риоя қилишингиз сўралади. Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади. Ҳозирда тергов давом этмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 6 киши дўконда навбат талашиб муштлашгани ҳақида хабар берилганди.