Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизимига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, давлат раҳбари фаол ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллабай ишлаш бошлангани натижасида 2021 йилда ялпи ички маҳсулот 7,4 фоизга ўсганини қайд этган. Ҳудудларда 100 мингта янги тадбиркор иш бошлагани, ўзини ўзи банд қилганлар сони 700 мингга кўпайиб, 1,2 миллионга етгани қайд этилган.

Маҳаллабай ишлаш тизими орқали «темир дафтар»даги 583 минг эҳтиёжманд оила доимий даромад билан таъминланган. «2022 йилни Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили деб эълон қилдик. Шу боис бу йил барча маҳаллаларда туб ўзгаришлар йили бўлиши керак», — деган Президент.

Йиғилишда, шунингдек, маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинмоқда.

Жумладан, 2022 йилда 9309 нафар ҳоким ёрдамчиси иш бошлади ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходим хизмат сафарига юборилди. Ушбу тизимга масъул бўлган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилиб, барча масалалар ечиб берилди.

Эндиликда ҳоким ёрдамчилари, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш масалалари билан шуғулланади. Ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, одамларга давлат томонидан яратилган молиявий имкониятларни етказиши, тадбиркорликка ва деҳқончиликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариши лозим.

Бу мақсадлар учун 2022 йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия ажратилади (ҳар бир маҳаллага ўртача 1,3 миллиард сўм).

Аввалроқ Ўзбекистонда «ёшлар дафтари» жамғармасида қанча маблағ йиғилгани айтилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги фармонни имзолагани, унга кўра, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиши ҳақида хабар берилган.