Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда коронавазият яна жиддийлашмоқда: бир кунда 800 дан зиёд кишида инфекция аниқланди (қайси штамм экани маълум эмас), Тошкентда махсус ковид-поликлиникалар очилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда 14 январь куни 876 кишида коронавирус аниқланди, 2 нафар бемор вафот этди. Касалланганларнинг умумий сони 204 173 нафарга етди, ундан вафот этганлар сони 1513 нафарни ташкил қилди.

Кунлик касалланишлар сони кескин ошиб бораётгани туфайли Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 24/7 режимида ишлайдиган махсус ковид-поликлиникалар фаолият бошлади. Энди оғир аҳволдаги беморлар ушбу шифохоналарга юборилади. Пойтахт бўйлаб жойлашган мазкур шифохоналарнинг манзиллари билан бу ерда танишиш мумкин.

Бундан ташқари, коронавируснинг «омикрон» штами туфайли Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарасида ҳам назорат кучайтирилди.

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори 498 минг сўм этиб белгиланди. Яъни, бир ой учун шунча пулингиз бўлса, сиз камбағал эмассиз.

Давлат статистика қўмитасига кўра, минимал истеъмол харажатлари миқдори 2022 йилда бир ой учун киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди. Ҳисоб-китоблар республиканинг барча ҳудудларида 10,6 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асосида қилинган.

Фото: «Bugun.uz»

Сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган.

Сўровнома асосида мазкур уй хўжаликларида жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлари бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган. 2021 йилда ушбу қиймат 440 минг сўмни ташкил этган.

Ўзбекистонликлар учун Умра сафари 22 январдан бошланади. Олдин тўлов қилганлар яна 4 770 000 сўм маблағ тўлаши керак.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати дастлаб Умра сафари нархи кўтарилгани бўйича «маълумот йўқлиги»ни айтган бўлса-да, тўлов қилиб бўлганлар қўшимча пул тўлашини маълум қилди.

Фото: «Religions.uz»

Унга кўра, 020 йил февраль ойига қадар Умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 770 000 сўм маблағ тўлайди. Бу пуллар эвазига Саудия Арабистонида тақдим этиладиган хизматлар амалга оширилади (яхшиланади).

Саудия Арабистонигa дастлабки рейсни 22 январь куни амалга оширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шундан сўнг 25–28 январь кунлари ҳам навбатдаги рейслар қўйилади.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистондаги иккинчи энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи корхона бўлган «Оҳангаронцемент» акциядорлик жамиятининг 98,4 фоиз акциялари сотувга чиқарилди. Алишер Усмоновга алоқадор компания унинг янги эгасига айланиши мумкин;
  • Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизимига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Асосий тезислар: тизим орқали «темир дафтар»даги 583 минг эҳтиёжманд оила доимий даромад билан таъминланган; 2022 йилда 9309 нафар ҳоким ёрдамчиси иш бошлади; Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши 2021 йилда 7,4 фоизни ташкил этди.

Энди эса дайжестни якунловчи ва карикатурали мақоласи.

Ижтимоий тармоқларда Хитойда сунъий Қуёш ишга туширилгани ҳақида хабар ва видео тарқалди. Бу хабар кўплаб муҳокамалар ва қизиқишга сабаб бўлди. Коронавирус Хитойда яратилгани таъкидланаётган кенг тарқалган фитна назариялари фонида Хитойдан бу каби янгиликлар эшитиш кўпчиликда хавотир ҳам уйғотди.

Кадр: Telegram

«Bugun.uz» колумнисти ЎзР ФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институти илмий ходими Рустам Ашуров сунъий Қуёш нима эканлиги, у нима мақсадда, қандай ва қаерда ҳосил қилиниши, инсоният учун хавфи ва фойдаси ҳақида батафсил маълумот берди. Мақолани тўлиқ шаклда бу ерда ўқишингиз мумкин. Яна бир колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов эса Хитойнинг сунъий Қуёшига атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.