Ўзбекистонда 2022 йилнинг 13 январидан бошлаб «E-auksion» платформасидаги барча савдо ягона тартиб бўйича ўтказилади. Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан жорий этилди.

Фото: Deposit Photos

Тасдиқланган янги низом билан «E-auksion» (e-auksion.uz) платформасига қатор ўзгаришлар татбиқ қилинади. Жумладан, савдода қатнашиш учун аризалар савдо ўтказиладиган куни соат 09:00 га қадар автоматик тарзда қабул қилинади ва савдолар соат 10:00 да бошланади. Иштирокчилар эса ҳар ўн дақиқада ўзининг навбатдаги таклифини беришади. Агар ўн дақиқада таклиф берилмаса, охирги таклиф берган иштирокчи аукцион ғолибига айланади.

Шунингдек, закалат пуллари миқдори қуйидагича белгиланади:

  • объект бошланғич нархи БҲМнинг 100 бараваригача бўлганда — бошланғич нархнинг 15 фоизи миқдорида;
  • объект бошланғич нархи БҲМнинг 100 бараварига тенг ёки ундан юқори, лекин БҲМнинг 1000 бараваригача бўлганда — бошланғич нархнинг 10 фоизи миқдорида;
  • аукцион объектининг бошланғич нархи БҲМнинг 1000 бараварига тенг ёки ундан юқори бўлганда — бошланғич нархнинг 5 фоизи миқдорида;
  • танлов объекти учун асосий мезон сифатида ижтимоий ва шунга ўхшаш бошқа мажбуриятлар назарда тутилган ҳолларда — БҲМнинг 5 баравари.

Низом билан аукцион қадами ҳам умумий тартиб бўйича белгиланди. Унга кўра, аукцион қадами объект бошланғич қийматининг 10 фоизини (бошланғич қиймат БҲМнинг 2000 бараваридан ортиқ бўлганда эса 5 фоизни) ташкил этади.

«Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКнинг хабар беришича, платформа орқали ўтказиладиган барча турдаги савдолар ушбу низом асосида бўлиб ўтади. Суд ва бошқа органлар ижро ҳужжатлари бўйича мулклар ҳамда ер қаъри участкаларига бўлган ҳуқуқини онлайн аукционда сотишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.

Маълумот учун, 2021 йилда биргина Тошкент вилоятининг ўзида 472 та ер участкаси онлайн-аукцион орқали сотилган эди.