Henley & Partners халқаро консалтинг компанияси  2022 йилги паспорт индексини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон паспорт «қуввати» жиҳатидан 86-ўринни эгаллаган. Хўш, бу нима дегани? 2021 йил бу кўрсатгич қандай бўлган, тушганми ёки кўтарилганми, қўшни давлатлар билан солиштирганда Ўзбекистон нечанчи ўринда туради? Шу каби саволларга тўлиқроқ жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Фото: «Bugun.uz»

Бу компания Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IАТА) берадиган маълумотларга асосланиб, 2006 йилдан бери паспортлар индексациясини бериб боради. Индекс турли давлатлар паспортларининг қувватини, яъни шу паспорт билан нечта давлатга визасиз бориш мумкинлигини баҳолайди.
2022 йилнинг биринчи чорагида паспорт индексига (Henley & Partners Passport Index 2022) биноан Ўзбекистон 86-ўринда эканлигини юқорида айтиб ўтдик. Қўшни давлатлар билан солиштирганда эса 4-ўринда. Рўйҳатга кўра:

  • Қозоғистон — 68-ўрин (75 балл);
  • Қирғизистон — 80-ўрин (63 балл);
  • Тожикистон — 84-ўрин (59 балл);
  • Ўзбекистон — 86-ўрин (57 балл);
  • Туркманистон — 91-ўрин (52 балл);
  • Афғонистон — 111-ўрин (26 балл).

Ҳар бир визасиз бориш мумкин бўлган давлат учун бир балл берилади. Максимал балл эса 227 ни ташкил қилади. Лекин ҳеч бир давлат бу баллни тўплай олмаган. 192 балл билан энг юқори ўринни эгаллаган Япония ва Сингапур 2021–2022 йиллардаям ўз ўрнини сақлаб қолган. Демак, Ўзбекистон паспорти билан 57 та давлатга визасиз кириш мумкин.

2021 йилги кўрсатгич 2022 йилгидан бироз пастроқ бўлганини ушбу жадвал орқали кўриш мумкин:

  • Қозоғистон — 75-ўрин (74 балл);
  • Қирғизистон — 86-ўрин (62 балл);
  • Тожикистон — 90-ўрин (58 балл);
  • Ўзбекистон — 92-ўрин (56 балл);
  • Туркманистон — 96-ўрин (52 балл);
  • Афғонистон — 116-ўрин (26 балл).

Ҳар иккала индекс кўрсаткичда Афғонистон охирги ўринни эгаллаган ва бошқа давлатлар билан солиштирганда ҳам энг охирги кўрсаткични беради. Кўриб турганимиздек, бу жадвалда Ўзбекистон ва унга қўшни бўлган давлатларнинг ўрни бироз пастроқ бўлган. Лекин ҳозирги индексга кўра Ўзбекистон 6 поғона юқори ўринга чиққан.

Ўринлар ўзи қандай тақсимланади?

Henley & Partners’га кўра, битта ўринни бир нечта давлат эгаллайди. Масалан, 86-ўринда якка Ўзбекистон эмас, балки Габон ҳам бор. Шу боис 227 давлат 111 та ўринга гуруҳланган. Агар ҳар бир давлатга алоҳида ўрин ажратилганда биз ҳозирги ўрнимиздан анча пастда бўлардик.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон фуқаролари баъзи Осиё (Туркия, Малайзия, Қозоғистон…) ва Европа (Россия, Украина, Молдова, Озарбайжон, Арманистон…) давлатларига визасиз бориши мумкин. Айрим давлатларга (Эрон, Ливан, Непал, Таиланд) эса боргандан кейин виза очилади.