«Sputnik Uzbekistan»нинг маълум қилишича, Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида ҳам «омикрон» штами сабаб назорат кучайтирилди.

Фото: «Sputnik»

Хабарга кўра, Ўзбекистонга келувчилар ПЗР тестини топширишлари ва 14 кун давомида қаттиқ карантинда бўлишлари керак.

«Ҳозирги кунда Патар, Фотеҳобод, Саразм чегара пунктларида, шунингдек, Хўжанд халқаро аэропортида тиббиёт ходимлари кечаю кундуз навбатчилик қилмоқда. Бироқ ПЗР тестлари бўйича ҳеч қандай янгилик йўқ — Тожикистон фуқаролари чегаралар очилган пайтдан бошлаб экспресс-тестдан ўтиш учун 120–130 сомоний (тахминан 110–120 минг сўм) тўлайди», — деган Суғд вилояти Санитария-эпидемиология хизмати раҳбари ўринбосари Межнун Орипов «Sputnik Тожикистон» мухбирига.

Шунингдек, Тожикистон ҳам кириш назоратини кучайтираётганини маълум қилган. «Somon Air» авиакомпанияси эса коронавирус учун тест натижаларини мажбурий тақдим этишни жорий қилган. Энди чипта беришда салбий ПЗР тестини кўрсатиш мажбурий ҳисобланади. Фақат 3 ёшгача бўлган болалар ковид тестини топширмаслиги мумкин.

Аввалроқ 15 январдан Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасини икки давлат фуқароларининг кесиб ўтиши вақтинча тўхтатилиши ҳақида хабар берилганди.