Ўзбекистон фуқароларига Умра сафари учун тўлов қимматлагани ҳақида хабарлар тарқалди. «Bugun.uz» бу тўғрисида Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати билан боғланиб, маълумот олди.

Фото: «Religions.uz»

Тарқалган хабарларда келтирилишича, Умра сафари учун тўлов 17 770 000 (ўн етти миллион етти юз минг) сўмга кўтарилган. Шу билан бирга, олдинроқ зиёрат учун тўловни амалга оширганлар қўшимча тўлов қилиши ва 20 январдан навбат билан сафар бошланиши айтилган.

Қўмитанинг «Bugun.uz»га берган изоҳига кўра, бу ҳақда расмий маълумот тақдим этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита раислари 1 декабрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ва ўзбекистонликлар учун Ҳаж ва Умра сафари тикланиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Саудия Арабистонида Умра зиёратини амалга ошириш тартиби енгиллаштирилгани маълум қилинганди.