«Полигонда аскарларнинг шароитини кўриб лол қолдим». Шавкат Мирзиёев 2016 йилги Каттақўрғондаги воқеани ёдга олди
Давлат раҳбари полигонлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани учун ҳокимларни танқид қилди
Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтгани хабар қилинганди. Давлат раҳбари йиғилишда 2016 йил Каттақўрғондаги воқеани ёдга олди.

«Ўзбекистон 24» телеканалидаги кўрсатувда келтирилишича, Президент полигонлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани учун ҳокимларни танқид қилган.
«Полигон қуриб бердик, бўлди дегани эмас. Буни ўзларинг қурмадинглар, давлат қуриб берди. Мен ҳам сизларнинг ўрнингизга ўтирганман, полигонга бирорта мих ҳам қоқолмасдим.
Маъмурий сектор раҳбарлари сифатида мудофаага бўлган муносабатларингни ўзларинг ўзгартиришинг керак. Номига қилманглар, натижа бўлмайди», — дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент 2016 йилда Каттақўрғон полигонидаги воқеа ҳақида сўзлаб берган.
«2016 йил эсингизда бўлса, мудофаа вазирини Каттақўрғонга бориб, ишдан олгандим. Полигонга бориб, аскарларнинг шароитини кўриб лол қолдим. Ҳозир бориб кўринглар, қандай бўлди ўша полигон», — деди Шавкат Мирзиёев.