10:24 | 15.01.22 105

Қашқадарёда «Nexia» «Камаз» тиркамасига урилиб, 2 киши ҳалок бўлди — видео

Яна бир фуқаро оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган

Қашқадарё вилояти Нишон туманида 11 январь куни «Nexia» «Камаз» тиркамасига урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, воқеа тахминан соат 05:30 да туманнинг Кўксой МФЙ ҳудудидан ўтган Қарши–Нишон–Толлимаржон 4Р-89 автомобиль йўлининг 35-километрида содир бўлган. «Nexia» ҳайдовчиси Қарши шаҳри томондан Нишон шаҳрига ҳаракатланиб кетаётганда шу йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланиб чиққан «Камаз»нинг орқа тиркамасига урилган.

ЙТҲ оқибатида «Nexia» ҳайдовчиси ва машинада бўлган йўловчи оғир тан жароҳати олиб, вафот этган. Бундан ташқари, автомобилдаги яна бир фуқаро оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспортдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда суриштирув ҳаракати олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёдаги бошқа бир ЙТҲда 5 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 3 нафар ички ишлар ходими ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлгани айтилган.