Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни маҳаллабай ишлаш тизимига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 2022 йилда 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Ушбу тизимга масъул бўлган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилиб, барча масалалар ҳал қилиб берилган.

Йиғилишда тизимни ташкил этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, мутасаддилар маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиб, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга шахсан масъул бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳоким ёрдамчилари «темир», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарлари доирасида ўз маҳаллаларида ўрганишлар ўтказиб, ижтимоий реестрни қайтадан янгилаши лозимлиги таъкидланди. Бунда, биринчи навбатда ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш йўлга қўйилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бир нарсани ҳамма аниқ тушуниб олиши зарур. Ҳоким ёрдамчилари — Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади. Уларнинг асосий вазифаси ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш,  камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат.

Бунинг учун ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши, ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар уларни мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан ‘кўмиб ташламаслиги’ лозим. Улар учун фақат шароит яратиб бериши керак», — деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Президент йиғилишда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши 2021 йилда 7,4 фоизни ташкил этгани ҳақида маълумот берганди.