Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 24/7 режимида ишлайдиган махсус ковид-поликлиникалар фаолият бошлади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, Ўзбекистонда пандемия билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, хусусан, коронавирус инфекцияси аниқланган, бироқ хасталик клиник белгиларсиз ёки енгил шаклда кечаётган беморлар саломатлигини назорат қилиш, уларга амбулатор ва уйига борган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида кунлик кўрсаткичлар сезиларли даражада ошиб бораётган Тошкент шаҳрининг 12 та туманида биттадан махсус поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилган.

Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган 4 та диспансер ҳамда 8 та оилавий поликлиника биносида иш бошлаган мазкур муассасалар аҳолига ҳар куни 24 соат давомида хизмат кўрсатади. Ҳар бир муассасага шифокорлар билан бир қаторда, тиббиёт олий ўқув юртларининг етакчи мутахассислари ҳам жалб қилинган.

Шунингдек, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, экспресс-тест, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритмалар билан таъминланган.

Мурожаат қилган беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун зарур тавсия ва коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган ковид қутилар берилади. Беморнинг аҳволи оғир бўлса, зудлик билан махсус шифохонага юборилади.

Бундан ташқари, коронавирус касаллигига қарши эмлаш ишларини самарали олиб бориш мақсадида пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли ва 66 та оилавий поликлиникада махсус мобил бригадалар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Поликлиникалар қуйидаги манзилларда жойлашган:

  • Бектемир туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси — Бектемир тумани, Водник даҳаси, 75-уй.
  • 5-сонли Фтизиатрия диспансери — Миробод тумани, 8-март кўчаси, 58-уй.
  • 23-сон оилавий поликиника Бирлик филиали — Учтепа тумани, Чакмоний кўчаси, 14-а уй.
  • 1-сон Фтизиатрия диспансери — Мирзо Улуғбек тумани, А. Югнакий мавзеси, 15-а уй.
  • 58-сон оилавий поликлиника — Яккасарой тумани, А.Қаҳҳор кўчаси, 44-уй.
  • 11-сон оилавий поликлиника — Сергели тумани, Чоштепа кўчаси, 147-уй.
  • 3-сон Фтизиатрия диспансери — Олмазор тумани, Уста Ширин кўчаси, 1-берк, 3-уй.
  • Тошкент шаҳар фтизиатрия ва пулмонология маркази — Чилонзор тумани, Лутфий 7, 33-уй, 1-хонадон.
  • 4-сон фтизиатрия диспансери — Юнусобод тумани, 3-тор, Ниязбек йўли, 6-уй.
  • 42-сон оилавий поликлиника — Шайхонтоҳур тумани, Тахтапул кўчаси, 14-а уй.
  • 2-сон фтизиатрия диспансери — Яшнобод тумани, Мурғоб кўчаси, 93-уй.
  • Тошкент шаҳар тери-таносил диспансери — Янгиҳаёт тумани, Йўлдош 7, 23-уй.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев 14 январь тунги соат 03:00 да Тошкент шаҳар тез ёрдам станциясида бўлиб, тез тиббий ёрдам ходимлари иш жараёни билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Маълум бўлишича, коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бўраётгани сабаб тез ёрдам хизматига мурожаатлари кўпайиб бормоқда. 103 хизматига чақириқлар сони ортгани ва иш юкламаси кўпайиб бораётгани сабаб вазир топшириғи билан қўшимча 40 та замонавий жиҳозланган тез ёрдам машинаси фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, Call-марказ иш самарадорлигини ошириш учун 30 та янги оператор ўрни яратилди. Тез ёрдам бригадаларининг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида улар қўшимча 100 дона планшет билан ҳам таъминланади. Шунингдек, бригадалар учун зарур миқдорда коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган ковид қутилар ажратилади.