Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 8 январь куни ҳайдовчи ва унинг шериги йўловчининг 800 долларини куч ишлатиб олиб қўйди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Андижон вилояти Асака туманида яшовчи 34 ёшли Х.Ж. Яшнобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи номига мурожаат қилган. Унда Тошкент халқаро аэропорти ёнида «водий питак»ка бориш учун «Lacetti»га ўтиргани, ТХАЙ кўчасида жойлашган Андижонга ҳаракатланадиган йўловчи машиналар тураргоҳига етиб келганида ҳайдовчи ва ёнида бўлган йўловчи уни машинадан тушириб, биргаликда қўлларини ушлаб, бўйнидан бўғиб, пулларини очиқ-очиқдан талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганини маълум қилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи 41 ёшли У.С. ва Тошкент вилоятида яшовчи 36 ёшли Ю.А. содир этгани аниқланган. Ҳолат бўйича Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан У.С. ва Ю.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда андижонлик таксичини ўлдириб кетгани гумон қилинган 3 йўловчи ушлангани ҳақида хабар берилганди.