Туризм вазирлиги: меҳмонхоналар сертификатлаштириш талабларига жавоб бермаяпти
Ўзбекистонда 2022 йилнинг 3 январидан бошлаб меҳмонхона ва ўхшаш жойлаштириш воситалари учун ўрнатилган янги тартиблар амал қила бошлайди. Унга кўра, жойлаштириш хизматини кўрсатадиган объектларда электрон дастур билан интеграциялашган электрон калитли (пластик магнит карта) электрон қулфлар ва «Хавфсиз туризм», «Хавфсиз шаҳар» тизимлари, видеокузатув тизимларини жорий этиш талаби қўйилган эди.

«Bugun.uz» мухбирининг хабар беришича, ушбу талаблар амалиётга татбиқ қилингандан сўнг кўплаб меҳмонхоналар янги сертификатлаштириш талабларига жавоб бера олмаётгани аниқланди.
Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2022 йилнинг дастлабки ҳафтасида 7 та меҳмонхона хизматини кўрсатувчи объектларда сертификатлаштириш аудитлари ўтказилган. Аудит натижаларига кўра, 6 та меҳмонхона объектларига сертификатлаштириш бўйича рад жавоби берилган.
Аввалроқ ЎзДСт 3220:2017 «Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар» ҳамда ЎзДСт 3296:2018 «Туризм хизматлари. Меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситалари. Таснифлаш тизими» давлат стандартларига қатор ўзгартишлар киритилган эди. Хусусан, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасига мувофиқ, меҳмонхона ва ўхшаш жойлаштириш воситаларида ногиронлар учун шароитлар бўлган камида битта номернинг мавжуд бўлиши ҳамда номерни жиҳозлаш бўйича талаблар киритилган.
Ундан ташқари, меҳмонхоналарда мижозларга қўшимча қулайлик яратиш ҳамда қўшимча пул тушумини ошириш мақсадида уч ва ундан юқори тоифали меҳмонхоналарда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиладиган дўконлар ва савдо шохобчаларини ташкил қилиш талаби ҳам жорий этилган.
Шунингдек, давлат стандартларидаги ўзгартиришларга мувофиқ, даволаш муассасаларига қўйилган талаблар енгиллаштирилган. Эндиликда клиникалар учун ҳудуд атрофи ўралиши ва қўриқланиши, юкларни сақлаш учун хона мавжуд бўлиши, вақтинчалик фойдаланиш учун инвентарлар тақдим қилиш талаблари қўйилмайди.
Туризм ва спорт вазирлиги ўз хабарида юқоридаги ўзгартиришларни инобатга олиб, тадбиркорлик субъектларига ўз хизматларини жойлаштириш воситаларининг давлат стандартлари талабларига мос равишда мувофиқлаштириши лозимлигини эслатиб ўтган.
Маълумот учун, ушбу давлат стандартларидаги ўзгартиришлар 2021 йилнинг июнь ва июль ойларида киритилган эди.