Ҳар йили мамлакатда 14 январь Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланади. Бу кун ўз ҳаётини ҳарбий хизмат билан боғлаган инсонлар, фахрийлар ва армиядаги оғир синовлардан ўтганларни табриклаш одат тусига кирган.

Бу йил UzAuto Motors заводи ходими Равшан Абдуллаев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳарбий хизматдаги суратларини «Кеча тасодифан ҳарбий хизматдаги фотосуратларимни кўрдим. Гўёки кечагина бўлгандек, лекин орадан деярли 20 йил ўтибди. 44086-ҳарбий қисм, 1-взвод моторли милтиқ гуруҳи. Ватан ҳимоячилари куни билан!» матни билан жойлаштирган.

Ватанпарварлик руҳидаги ушбу ташаббусни Асака заводи ишчилари, Тошкент шаҳридаги «UzAuto Motors Роwertrain» ҳамда Хоразмдаги ходимлар қўллаб-қувватлади. Улар ҳам ўзларининг ҳарбий хизматдаги фотосуратларини #vatanhimoyachilari #uzautomotors хештеги билан ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлаштирди. Бу Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган ўзига хос флешмобга айланди.

Кечаю кундуз узоқдаги тоғли постлар ва гарнизонларда армия сафида хизмат қилаётган, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилаётган барча-барчага байрам муборак бўлсин! Биз сизга ишонамиз ва сиз билан фахрланамиз!

Реклама