«Ховренко Самарқанд вино заводи»нинг 71,2 фоиз улушини сотиш жараёни тўхтатилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «UzAssets» инвестиция компанияси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Uzbekistan.travel»

Қайд этилишича, корхона фаолиятини комплекс таҳлил қилиш жараёнида аниқланган бир қатор ҳолатлар, хусусан, корхона ҳудудида маданий мерос ҳисобланадиган ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектлар мавжудлиги сабабли хусусийлаштиришни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмидаги корхона объектлари ва унинг ҳудудидан янада самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Хабарга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа вино ва ароқ заводлари савдоси давом этмоқда, масалан, 11 январь «Нўкис винозаводи»нинг 17,5 миллиард сўмлик 51 фоиз акцияларини сотиш бўйича битим қайд этилди.

Шунингдек, 14 январь куни олди-сотди битимлари: «Мастона» акциядорлик жамиятининг 51,18 фоизи 11,5 миллиард сўмга ва «Конвин»нинг 51,94 фоиз акциялари 4,5 миллиард сўмга баҳоланган.

Маълумот ўрнида, 2021 йил 24 июнь куни KPMG халқаро консалтинг компанияси кўмагида «Ховренко Самарқанд вино заводи» улушини сотиш эълон қилинган эди.