Янгиликлар - 8:08 · 16.01.2022

Ўзбекистонда 2021 йилда «чиройли авторақамлар» савдоси қарийб 3 баравар ошди

Республика товар-хом ашё биржасининг «avtoraqam.uzex.uz»  веб сайтида 2021 йил давомида 298,8 миллиард сўмлик 139,4 мингдан зиёд авторақам сотилган. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 40 фоизга, ҳажми бўйича 21 фоизга ўсган, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Gazeta.uz»

Ушбу даврда тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 миллион сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 91 фоизи — жисмоний шахслар, 9 фоизи юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси — 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 миллион сўмни ташкил қилган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (48 фоиз), Самарқанд ва Фарғона (8 фоиздан), Наманган ва Андижон (6 фоиздан) ҳамда Бухоро (5 фоиз) вилоятларида харид қилинган.

Маълумлот учун, 2020 йилда аукцион савдолари орқали 98 минг 898 та давлат рақами белгиси 243 миллиард 185 миллион 752 минг 610 сўмга сотилган.

2019 йилда эса 36 мингдан ортиқ автомобиль рақамлари сотилган эди. Бу кўрсаткич 2018 йилгидан 28 фоизга кўпдир.

«Avtoraqam.uzex.uz» веб сайти маълумотларига кўра, ҳайдовчилар «чиройли» авторақамлар хариди учун 2021 йилда 168,7 миллиард сўм (83,2 мингдан зиёд рақам) сарфлаган. 2020 йилда эса 62,6 миллиард сўмлик 106 мингдан зиёд, 2019 йилда 36 мингдан зиёд 115,7 миллиард сўмлик «чиройли» авторақамлар сотилган.

Эслатиб ўтамиз, авторақамларнинг онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи давлат бюджетига, 20 фоизи Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади.

Bugun — LIVE