Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасаларига солиқ имтиёзлари жорий қилинди
Ўзбекистонда 2021 йил 29 декабрда «Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан хусусий тиббиёт муассасаларига солиқ имтиёзлари жорий қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Солиқ кодексининг 243-модда 1-қисми 11 ва 14-бандларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:
- тиббиёт муассасалари тиббий хизматларни (бундан косметологик хизматлар мустасно) реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этилди;
- тиббий хизматлар жумласига тиббий ёрдам ва санитария хизмати кўрсатишга доир, ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш, стоматологик, шу жумладан, тишларни протезлаш бўйича хизматлар кириши белгиланди;
- санаторий-курорт, соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спортга доир хизматларни реализация қилиш айланма солиқ солишдан озод этилди.
Шунингдек, кодексининг 337-модда 1-қисм 4-бандига кўра, тегишли лицензия асосида тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар бўйича, хусусан:
- тиббий ёрдам ва санитария хизматлари кўрсатиш;
- ташхис қўйиш;
- профилактика ва даволаш хизматлари;
- стоматологик хизматлар;
- тиш протезларини ўрнатиш хизматлари бўйича (бундан косметология хизматлари мустасно) фойда солиғига 0 фоиз ставка қўлланиши белгиланган.
Қайд этилишича, Солиқ кодексининг 428-модда 2-қисмига мувофиқ:
- Соғлиқни сақлаш объектлари эгаллаган ерлар (бундан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари банд қилган ерлар мустасно) солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига киради.
Бунинг асносида хусусий тиббиёт билан ўз эгалигидаги ерларда, шу жумладан, ижара асосидаги бинолар жойлашган ерларда шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига ер солиғи бўйича ҳам имтиёз тақдим этилди. Имтиёз муассасаларининг моддий-техник базасини сезиларли даражада мустаҳкамлаш имконини бериши кўзда тутилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда мулк солиғи туфайли 41 минг юридик шахсда солиқ мажбуриятлари ошгани ҳамда депутатлар гўшт, картошка ва ўсимлик ёғига солиқ имтиёзи муддатини узайтиришга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди.