Таҳлил, Янгиликлар - 22:01 · 16.01.2022

Шарқий экспресс. «Толибон» ва миллий қаршилик фронти ўртасидаги музокаралар, Германияда умрбод қамалган Сурия махфий хизмати собиқ ходими

Ўқиётганингиз — Яқин Шарқнинг муҳим воқеаларини шарҳлайдиган «Шарқий экспресс» рукни.

Натижасиз музокаралар

Фото: «Reuters»

Шу йилнинг 9 январь куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида «Толибон» ҳаракати ва миллий қаршилик фронти ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Ушбу музокараларда «Толибон» ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий ва фронт лидери Аҳмад Масъуд ўзаро учрашган. Фронт ташқи алоқалар раҳбари Али Майсам Назарининг хабар беришича, икки делегация раҳбарлари ўртасидаги норасмий музокаралар анча яхши ўтган.

Қисқа муддатли раҳбарлар суҳбатидан кейин делегация аъзолари ҳам 2–3 соат давомида музокара олиб борган. Али Майсам Назарининг «AFP»га айтишича, музокаралар ҳеч қандай натижа бермаган.

«Бизнинг инклюзив ҳукумат ҳақидаги қарашларимиз уларникидан фарқ қилади. Улар бизга ҳукуматда вазир, элчилик лавозимларини беришга рози, лекин сиёсий тизим ўзгаришсиз қолишини айтмоқда», — деган Назари.

Назарининг айтишича, Фронт «Толибон»га 4та сўров қўйган: улар ҳукуматнинг мамлакатдаги барча этник бирликларини қамраб олган ҳақиқий инклюзив шаклда бўлиши, келажакда ҳукумат демократик сайловлар асосида шакллантирилиши, инсон ва аёллар ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши ва «Толибон»нинг маҳаллий аҳоли қўллаб-қувватламайдиган ҳудудлардан чиқиб кетиши.

Агар шу талаблар қондирилсагина, фронт расмий музокаралар столига ўтиришга рози бўлиши таъкидланган. Шунингдек, Назари фронтнинг ушбу норасмий музокараларга минтақа давлатларининг қистови билан рози бўлганини қўшимча қилган.

Маълум бўлишича, Назарининг ўзи ҳозирда Теҳронда, Масъуд эса турли жойларга кўчиб юрибди. Унинг аниқ манзили хавфсизлик нуқтаи назаридан очиқланмаган.

«Тозалаш» тадбирлари

«Толибон» ҳокимиятга келганидан буён таркибидаги 3000 га яқин «нопоклар»ни ҳаракат сафидан чиқариб юборди. Бу ҳақда 15 январь куни ҳаракат расмийси хабар берган. Таъкидланишича, ҳаракат сафидан чиқарилган аъзолар олдинги режим дунёқарашидагилар бўлиб, улар «Толибон»нинг юзига доғ туширадиган ҳаракатларни содир этгани учун ҳаракат таркибидан чиқарилган. Уларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарда ҳеч нарса дейилмаган.

Фото: «AFP»

Ҳаракат таркибидаги бундай аъзоларни аниқлаш ва тозалаш мақсадида Мудофаа вазирлиги қошида махсус комиссия тузилган. Бу орада 13 январь куни Мудофаа вазирлиги Балх вилоятида «Толибон»нинг таниқли ўзбек қўмондони Махдум Аламни ҳибсга олиши ортидан Фарёб шаҳрида ўзбекларнинг норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтди.

Бу ҳибсга олишга «Толибон» расмийлари изоҳ бермаган ва унинг «тозалаш» тадбирларига алоқаси борлиги ҳақида ҳам ҳеч қандай далиллар йўқ.

Умрбод қамалган собиқ махсус хизмат ходими

Франциянинг «France 24» телеканали берган хабарга кўра, Сурия разведка хизматининг собиқ ходими 58 ёшли Анвар Раслан Германияда умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди. Таъкидланишича, у 2011–2012 йилларда Дамашқ яқинидаги махфий қамоқхонада маҳкумларга нисбатан ўлдириш ва қийноқлар қўллагани учун айбдор деб топилган.

Фото: «AFP»

Human Rights Watch халқаро нодавлат ташкилоти раҳбари Кеннет Рот суднинг мазкур қарорини олқишлаган.
«AFP» журналистининг хабар беришича, суд қарорини эшитган Раслан ҳеч қандай реакция билдирмаган ва буни совуққонлик билан қабул қилган.

Ушбу иш бу турдаги кўрилаётган ишларнинг иккинчисидир. Бундан олдин 2021 йилнинг февраль ойида Сурия разведка хизматининг яна бир собиқ ходими Эяд Ал Ғариб ҳам қамоқ жазосига ҳукм этилган. Ҳар иккала маҳкум Суриядаги тўполонлар ортидан Германияга қочиб келиб яшаётган бўлган ва бир неча йил давомида тергов қилинган.

Bugun — LIVE