Янгиликлар - 20:30 · 16.01.2022

Тошкент аэропортида ковидга экспресс тест топшираётганлар орасида норозилик юзага келди — видео

Тошкент халқаро аэропортида 15 январь куни коронавирусга тест топшириш жараёнида фуқаролар орасида норозилик ҳолатлари пайдо бўлгани айтилган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, коронавируснинг янги штами — SARS-CoV-2: B.1.1.529. («омикрон») варианти дунё бўйлаб тез суръатларда тарқалмоқда ва юртимизда ҳам қайд этилиб, охирги 10 кун давомида касалланиш ҳолати 8 баробарга ошган. «Омикрон» штамининг дунёда тез тарқалаётгани муносабати билан АҚШ, Дания, Корея Республикаси, Буюк Британия, Исроил, Нидерландия, Франция, Япония, Ҳиндистон каби давлатларда қўшимча карантин чекловлари жорий этилган.

Мавжуд хавфнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда ҳам чегара кесиб ўтиш жойларида фуқаролар ташриф буюришидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест бўйича манфий натижали маълумотномага эга бўлиши ҳамда халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль ўтказиш чегара пунктларида коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топшириши белгиланган.

Таъкидланишича, 2021 йил 15 январь куни Тошкент шаҳрига учиб келган 3801 нафар фуқародан ҳам тест синамалари олинган. Уларнинг барчасида манфий ПЗР тести бўлганига қарамасдан, 67 нафарида мусбат натижа аниқланган. Мамлакатдаги барча чегара пунктлари орқали шу куни 15 минг 41 нафар фуқаро ўтган. Улардан 151 нафарида коронавирусда мусбат натижа аниқланган.

«Қўлида касалликдан фориғлиги ҳақида маълумоти бўлган фуқароларнинг ‘нега яна қайта экспресс тест топширишим керак?» деб ўйлаши табиий. Лекин, кўриб турганингиздек, ПЗР тест топширган инсонларда ҳам вирус аниқланмоқда. Бу эса касаллик янада айёрлашиб, яширин кўринишга кириб бораётганидан далолат. Бундай ҳолатда юртимизга кириб келувчи ҳар бир фуқарони коронавирусга эксперсс-антиген тест топширтириб, қабул қилиш энг тўғри йўлдир», дейилади хабарда.

Келтирилишича, касаллик аниқланган фуқаролар ҳолатига кўра уй шароитида ёки шифохонада даволанишга йўналтирилган. Уй шароитида даволаниши керак бўлгани учун ҳар бир фуқарога аэропортнинг ўзида бепул 4 хилдаги дори-дармон берилмоқда.

«Экспресс тест нархи 5 АҚШ доллари эквивалентида белгиланган бўлиб, бу дунё кўрсаткичларига нисбатан энг арзон нархлардандир. Шунингдек, тест топшириш жараёнида талабалик гувоҳномасини тақдим этган талабаларга  50 фоиз чегирма берилади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар учун тестлар бепул. 2 ёшгача бўлган болалардан тест олинмайди. Бу  тадбирлардан мақсад аҳолининг саломатлигини сақлаш ишларини самарали ташкил этишдир», дея қўшимча қилинган хабарда.

Қайд этилишича, вақтинча жорий этилган бу тартиб коронавирус инфекциясини юқтирган фуқароларни тезкор аниқлаш, даволаш ва инфекция тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.

«Шунинг учун юртдошларимиздан мазкур чора-тадбирларни тўғри қабул қилиб, ўз фуқаролик бурчини англаб, мамлакатимиз ҳудудида коронавирус пандемиясининг янги тўлқини кўтарилмаслиги учун шахсан ҳисса қўшишини сўраб қоламиз», дея хулоса қилинган.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаблашиб бораётганини маълум қилганди. Шунингдек, АОКАда 10 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов ниқобсиз юрган фуқароларга жарима солиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқлигини таъкидлаганди.

Bugun — LIVE