«Асосий эътироз минимал миқдор белгиланганига бўляпти» — юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқдаги ўзгаришлар ҳақида
Ўзбекистонда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга пасайтирилди. Лекин янги тартибга кўра, солиқ тўловчиларнинг тўлов суммаси камайиши эмас, балки кўпайиши кутилмоқда.

Гап шундаки, мол-мулк солиғини ҳисоблашда бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси (линияли объектлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари бундан мустасно) бу объектларга 1 квадрат/метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги бўйича қуйидаги миқдордаги тартиб киритилмоқда:
- Тошкент шаҳрида — 2 миллион 500 минг сўм;
- Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида — 1 миллион 500 минг сўм;
- Бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда — 1 миллион сўм.
Мазкур ўзгариш гарчи солиқ ставкаси пасайган бўлса ҳам, кадастр қиймати бозор нархидан паст кўрсатилган кўчмас мулк эгаларининг солиқ тўлови кўпайишини англатади. Яъни нотариус олди-сотди шартномаларида мурожаат этилган мулк қиймати паст баҳода қолиб кетаётгани туфайли ҳукумат мулк солиғини ундиришда бошқа тартибни киритиб, бозор нархига асосланган ҳолда солиқ тўлашни таклиф этди. Шу туфайли гарчи мулк солиғи ставкаси 0,5 фоизга пасайтирилган бўлса-да, тўлов ошади.
«Ҳозирги кунда солиқ солиш базасининг минимал миқдори белгилаб қўйилди. Яъни нотурар жойлар учун Тошкент шаҳрида 1 квадрат/метр учун 2,5 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб солиқ тўлайсиз, деган минимал миқдор белгиланди. Бу миқдор вилоят марказларига 1,5 миллион сўм, бошқа ҳудудларга 1 миллион сўм қилиб белгилаб қўйилган. Асосий эътироз минимал миқдор белгиланганига бўляпти. Бунинг натижасида ҳар учта солиқ тўловчидан 2 тасининг тўлайдиган солиғи ортади. Яъни 60 фоиз мулкдорларнинг солиқ юки ортди деса ҳам бўлади», — дейди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов.
Давлат томонидан шу пайтгача юридик шахслар ўзининг иҳтиёридаги мол-мулк қийматини бозор қийматидан анча паст кўрсатиб келган деган позиция илгари суриляпти.
«Адолат нуқтаи-назаридан қарайдиган бўлсак, минимал ставка қўлланилишини қисман тўғри деб ҳисоблайман. Масалан, дейлик, 500 миллиард сўмлик объектнинг баланс қийматини қарасангиз, 500 миллион сўм турибди. Бу солиқ тўловчи томонидан адолат принципи бузилди дегани. Ставка баландлиги ёки пастлиги, оғирлик қилаётгани ёки йўқлиги бу иккинчи масала», — дейди мутахассис.
Ўзбекистонда мулк солиғи тўловчиларнинг 6,9 мингтаси, яъни ҳар 10 тасидан 1 тасида имтиёз бор.
«Имтиёз кимга берилганига эътибор беришимиз керак. 10 фоиз кимлар тўламаяпти деган савол бор. Мен мисол учун Тошкент ситидаги мулк эгаларининг солиқ тўламаслигига қаршиман. Тўласин.
Лекин ижтимоий объектлар ҳам бор. Масалан 10 фоизни ичидаги ўқув масканлари, клиникалар каби ижтимоий объектларга имтиёз бериш фикрига мен ҳам қўшиламан», — дейди Мурод Муҳаммаджонов.
Солиқ тушумлари кўпайиши бўйича тахмин биргина Тошкент шаҳрининг 2022 йилги ва 2021 йилги бюджетини ўзаро таққослаганда ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, 2021 йилда Тошкент шаҳри бюджетига юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан 313 миллиард тушум бўлган, янги тартиб амал қилгандан кейин жорий йил бу сумма 728 миллиардга ошиши кутилмоқда. Бу дегани юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тушуми 2 баравардан кўпроққа ошиши режалаштирилган.
Давлат солиқ қўмитаси мулк солиғи мажбуриятлари бўйича қайси турдаги солиқ тўловчиларда солиқ ошиши, қайсиларида камайиши ва қайсиларида ўзгармаслиги ҳақида маълумот тақдим этган. Унга кўра:
- 69 мингдан ортиқ мол-мулк солиғи тўловчисидан белгиланган тартибда кўчмас мулкини қайта баҳолаб борган 21 мингдан ортиқ солиқ тўловчида мол-мулк солиғи 2021 йилга нисбатан камаяди (минимал қиймат таъсир қилмайди);
- мулк қиймати (бозор қийматидан) паст кўрсатилган 41 минг юридик шахсда солиқ мажбуриятлари ошади;
- 7 мингга яқин тўловчида солиқ суммаси ўзгаришсиз қолади;
- мулк қийматини «ноль» кўрсатиб, белгиланган тартибда қайта баҳолаш ўтказмаган ва мол-мулк солиғи тўламаган 5 мингга яқин корхона баҳолаш натижасига кўра мол-мулк солиғини қайта ҳисоб-китоб қилади.
Суҳбатни тўлиқ қуйида кўришингиз мумкин: