Меҳнат муҳожирлари солиқ тўлаши керакми?
Шерзод Кудбиев хорижда меҳнат қилувчи ўзбекистонлик муҳожирларнинг даромадларини солиққа тортишга мутлақо қарши эканини айтди. Бу ҳақда 17 январь куни ўтган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўз муносабатини билдирган.

«Қонунчилигимиз бўйича, улар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин, бемалол. Рўйхатдан ўтгач, улар даромад солиғидан озод этилиши белгиланган, агарки меҳнат стажи ёзилишини истаса ҳамда қариганда пенсия олишни ҳохласа, бир йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида тўловни амалга оширади», – дейди Кудбиев.
Давлат солиқ қўмитаси раисига кўра, Ўзбекистонда ўзини ўзи меҳнат билан банд қилган шахслар сони 1,2 миллиондан ошди. «Ўйлайманки, уларни солиққа тортиш эмас, иқтисодиётимизга киритаётган ҳиссасини ўйлаш керак», — деди у.
2021 йили Андижон шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди учрашувда президентликка номзод Алишер Қодиров меҳнат мигрантлари даромадларини солиққа тортиш таклифини билдирганди. Шундан кейин бошқа номзод — Шавкат Мирзиёев ҳам ушбу масалада Қодиров фикрини танқид қилиб, бунга йўл қўйилмаслигини айтган.
Маълумот учун, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, меҳнат мигрантлари даромадлари икки томонлама солиққа тортилмайди.