Ўзбекистон Давлат санъат музейи янги биносининг дастлабки тақдимоти ўтказилди — фото
Туризм ва спорт вазирлигида 17 январь, душанба куни Тошкент шаҳридаги Миллий боғ ҳудудида қуриладиган Ўзбекистон Давлат санъат музейи янги биносининг муҳандислик ва режалаштириш ечимларига бағишланган тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, Давлат санъат музейининг дизайн концепцияси япониялик меъмор, «Pritsker» меъморчилик мукофоти совриндори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган. Бош лойиҳачи сифатида эса Германиянинг «Atelier Brückner GmbH» меъморий бюроси иштирок этмоқда.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Давлат санъат музейининг янги биноси 2022–2023 йилларда Тошкент шаҳридаги Абулқосим мадрасаси, «Истиқлол» санъат саройи ҳамда Алишер Навоий ҳайкали ўртасидаги ер майдонида қурилмоқда.


«Музейнинг дизайн концепцияси катта экспозиция майдони, музей омборхонаси, маъруза хонаси, кутубхона, кафе, шунингдек, томда жойлашган айвон ҳамда боғни ўз ичига олади. Музейни лойиҳалаш ишлари, музей майдонига бўлган замонавий талаб ва технологиялардан фойдаланишни иновбатга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Музей янги биноси лойиҳасининг тўлиқ тақдимоти 2022 йил апрель ойида бўлиб ўтади», — деди туризм ва спорт вазири.


Тақдимот давомида объектнинг бош режаси, экспозиция майдонининг муҳандислик ва режалаштириш ечимлари, жамоатчилик учун ажратилган майдон, музей коллекциялари сақлаш ва конференция хонаси, ресторан, кафе, аудитория ҳамда кутубхона тақдим этилган. Бундан ташқари, Самарқанддаги замонавий Буюк ипак йўли музейининг ҳам тақдимоти ўтказилган.








Маълумот ўрнида, япониялик меъморий устанинг ажойиб лойиҳалари орасида Милан шаҳридаги «Teatro Armani» (2001), Техасдаги «Fort Worth» замонавий санъат музейи (2002), Венециядаги «Punta della Dogana» замонавий санъат маркази (2009) кабиларни келтириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлар қаторидан жой олгани ҳақида хабар берилганди.