Ўзбекистонда ҳафта давомида қор ёғиши мумкин
«Ўзгидромет» хизмати ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Маълум бўлишича, 19 январь куни айрим ҳудудларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида бироз қор ёғиши кузатилади. Республика бўйича ҳаво ҳарорати кечаси -3–2 даража илиқ, кундузи 5–8 даража илиққача пасаяди.
Мамлакатда 20 январь куни ҳаво ҳарорати кечаси -3–2 даража, кундузи 7–10 даража илиқ, қуруқ ва бироз булутли об-ҳаво кутилмоқда. 21 январь куни Каспий денгиздан бироз нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади.
Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин, шимолда ёмғир қорга айланади. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 0–5 даража илиқ, баъзи жойларда 2 даража совуқ, кундузи 5–10 даража илиқ бўлади. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. 18–19 январда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17–22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, 18–19 январда тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан кучли қор ёғади. Шунингдек, қор кўчиш хавфи эълон қилинган.