«Толибон» аҳолидан ушур ва закот солиғи йиғмоқчи
Афғонистон Молия вазирлиги ушур (ҳосилдан олинадиган солиқ) ва закот (шахсий даромаддан олинадиган солиқ) йиғиш жараёнини кўрсатувчи режаси якунлангани ва тез орада Вазирлар кенгашига тақдим этилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Ariana news» хабар берди.

Расмийларнинг айтишича, режа тасдиқлангач, Афғонистон фуқароларидан ушур ва закот йиғиш учун махсус кенгаш ташкил этилади. «Биз учун иккита нарса жуда муҳим: биринчидан, ушур ва закотни рақамли тизим орқали йиғмоқчимиз, иккинчидан эса шариат қонунларига асосланган мунтазам тизим орқали сарфламоқчимиз», — дейди Молия вазирлиги матбуот котиби Аҳмад Вали Ҳақмал.
Айни пайтда баъзи уламолар Ислом Амирлиги режасини ёқлаб, закот ва ушур пуллари бунга лойиқ одамларга тақсимланиши кераклигини айтган. «Мулозимлар савдогарлардан закот йиғса, у муносиб одамларга етиб бориши, жараён шаффоф бўлиши керак. Иккинчидан, савдогарлар мулкини рўйхатга олувчи Савдо-саноат вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда амалга оширилиши керак», — дейди дин арбоби Омонулла Аҳмадий.
Бироқ бу ҳаракат жамоатчилик орасида турли хил муносабат билан кутиб олинган. «Одамларнинг молиявий аҳволини тушуниш керак, иш билан таъминлаш имкониятлари яратилиши керак, маош тўланиши керак, шунда бу солиқларни жорий қилса бўлади», — дейди кобуллик Аҳмад Воиз Акбарий.
«Биз буни қабул қиламиз, лекин одамларга иш билан таъминлаш имкониятлари яратилиши керак, муаммолар кўп», — деган балхлик Абдул Ғафар. Шунингдек, тоҳарлик фермер Нақибулла Ислом Амирлигидан ушурни камбағал деҳқонлардан йиғмасликни талаб қилган.
Аввалроқ «Толибон» 150 минг кишилик армия тузиши ва Аҳмад Масъуднинг «Толибон»га берган таклифи маълум қилинган.