Тошкентда тузган баённомаси асоссиз деб топилган ЙПХ ходимига ҳайфсан берилди
Тошкент шаҳрида 2021 йилнинг 14 ноябрь куни ЙПХ ходими томонидан 22 ёшли ҳайдовчига кўрилган чоралар асоссиз деб топилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқда фуқаронинг ЙПХ ходими томонидан мажбурий техник кўрик бўйича расмийлаштирган баённомага эътирози мавжудлиги, транспорт воситаси белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилгани айтилган видео тарқалган.
Келтирилишича, шу куни ЙПХ ходими И.М. томонидан 1999 йилда туғилган «Mersedes-Benz Vito» русумли автомобиль ҳайдовчиси Ш.А.га нисбатан транспорт воситаси мажбурий техник кўрикдан ўтказилмагани бўйича баённома расмийлаштирилгани юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани хабар берилган.
Текширув хулосасига кўра, хизмати мобайнида бир қанча меъёрий талабларни бузгани учун Тошкент шаҳар ИИББ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ ходимига нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланиши, ҳайдовчи Ш.А.га нисбатан расмийлаштирилган баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-модда 1-қисмига (маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқ) асосан бекор қилиниши белгиланган.
Аввалроқ Сирдарёда ҳайдовчининг мастлигини стакан орқали текширмоқчи бўлган ходимга ҳайфсан берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланган инспекторга қаттиқ ҳайфсан берилгани хабар қилинганди.