Фарғонада 3 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди
Фарғона шаҳридаги хонадонда 14 январь куни 3 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «E-qaror» платформасида маълум қилинди.

Қайд этилишича, соат 13:00 атрофида Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини А.Қодирий кўчасидаги хонадонда яшовчи икки фуқаронинг жасади топилган. Шунингдек, меҳмонга келган яна бир кишига тез тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, шифохонада вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, мазкур воқеа ис газидан заҳарланиш деб гумон қилинмоқда. Вилоят ҳокими қарори билан воқеа сабабларини ўрганиш юзасидан комиссия таркиби тасдиқланган.
Аввалроқ Нукусда ижарада яшовчи талаба ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Шунингдек, Самарқанд вилояти Нарпай туманида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан вафот этгани маълум бўлган.