Жиззах вилоятида ҳам бодом гуллади — фото
Жиззах вилояти Фориш тумани ҳудудида бодом гуллади. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 2022 йил қиш об-ҳавосининг нисбатан илиқ келиши туфайли республиканинг айрим вилоятларида бодом гуллаганини ҳам кузатиш мумкин. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Фориш туман инспекцияси инспектори Юсуф Саъдуллаев инспекция биноси ҳудудига экилган бодом дарахти гуллагани ҳақида хабар бериб, суратларини юборган.


«Қиш қишлигини қилиб, аёз тўлқини кузатилса, бодом мевасининг ҳосили бой берилиши мумкин. Иқлим ўзгариши сабабли данакли мевалар дарахтларининг эрта гуллаши муаммосини ҳал этиш бироз мушкулроқ», — деган инспектор.

«Бу, албатта, Фориш тумани бўйича барча бодом дарахтларида қийғос гуллаш кузатилди дегани эмас», — деб пост қолдирган «Ўзгидромет» мутахассиси Эркин Абдулаҳатов Telegram’даги «Uzb_meteo» каналида.
Аввалроқ Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида бодом гуллагани ҳақида хабар берилганди.