Навоийда 3 нафар банк ходимининг ЙТҲда ҳалок бўлгани меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳодиса деб топилди
Навоийда банк ходимлари ҳаракатланаётган «Nexia» ЙТҲга учрагани, оқибатда 8 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, вазият меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодиса деб топилди.

Таъкидланишича, Халқ банкининг уч ходими шанба куни ишлашга мажбурлангани бўйича хабарлар бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2021 йил 8 ноябрдаги буйруғига асосан тузилган махсус комиссия томонидан тўлиқ ўрганилган.
Натижаларга кўра, ушбу вазият меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодиса деб топилган ва жабрланувчиларнинг ҳар бирига N-1 шаклидаги далолатнома (яъни бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида) тузиш юзасидан Халқ банки бошқаруви раиси номига ва банкнинг Навоий вилояти филиалига ёзма кўрсатма киритилган.
Махсус текшириш материаллари вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармасига юборилган.