Янгиликлар - 11:09 · 18.01.2022

Ўзбекистонда учувчисиз самолётларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди — видео

Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги илк учувчисиз самолётларни ишлаб чиқариш йўлга қўилди. Бу ҳақда Мудофаа саноати қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Маълум бўлишича, қўмита тасарруфида Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди. Марказ томонидан халқаро техник талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган «Lochin» учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Таъкидланишича, икки ҳил мақсадда фойдаланишга мўлжалланган мазкур лойиҳа Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўзлаштирилди ва йўлга қўйилди.

Мудофаа саноати давлат қўмитаси томонидан марказда ёш кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, етакчи хорижий давлатларда стажировкасини ташкил этиш ва малакасини ошириш йўли орқали учувчисиз авиация соҳасидаги мутахассис кадрлар билан бутлаш амалга оширилмоқда. Миллий бренд остида ишлаб чиқилган самолёт ва квадрокоптер туридаги учувчисиз аппарат разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажариш учун мўлжалланган.

Қолаверса, қурилма қишлоқ хўжалиги, нефть ва газ, ўрмон хўжалиги, темир йўллар, геология, қидирув соҳаларида картография, топогеодезия, экинларни дефолиация қилиш, қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳим объектларни кузатиб бориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради.

Марказ томонидан стратегик даражада қўлланиладиган учувчисиз авиация мажмуаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда учувчисиз авиация соҳасини инновацион ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини шакллантириш йўналишида истиқболли лойиҳалар олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Тарлон» енгил зирҳланган автомобили 2 босқичда синовдан ўтказилгани хабар қилинганди.

Bugun — LIVE