Қозоғистон ҳукумати бензин ва бошқа ёнилғиларга акциз солиғини оширмоқчи
Қозоғистон дизель, бензин ва бошқа ёнилғиларга акциз солиғини оширишни режалаштирмоқда. Эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳаси 31 январга қадар кенг жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Бу ҳақда «Kapital.kz» хабар берди.

Маълум қилинишича, «Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг 2018 йил 6 апрелдаги 173-сонли ‘Бензин, дизель ёқилғиси, газ (авиациядан ташқари) учун акциз ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида’ги қарорига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қарори лойиҳасида ёнилғи нархига акциз солиқлар орқали таъсир қилиш назарда тутилган.
Қарор лойиҳасида:
- ишлаб чиқарувчилар томонидан бензин, газ, нефрас, енгил углеводлар аралашмаси ва экологик ёнилғининг улгуржи савдоси учун акциз ставкасини 1 тоннаси учун 24 минг 435 тенгедан 38 минг 134 тенгегача ошириш;
- ишлаб чиқарувчилар томонидан дизель ёнилғисини улгуржи сотиш учун акциз ставкасини 1 тонна учун 9 минг 300 тенгедан 35 минг 726 тенгега ошириш;
- дизель ёнилғисига акциз солиғининг мавсумий ўзгаришини истисно қилиш;
- дизель ёнилғиси импорти учун тенг акциз ставкасини белгилаш кўзда тутилган.
Ҳужжатда мавжуд бозор шароитида ёнилғи ишлаб чиқарувчилар ва турли воситачилар қўшимча даромад олиши айтилган.
«Ушбу даромаднинг бир қисмини акцизлар орқали бюджет фойдасига олиб қолишни таъминлаш керак. Бу давлатнинг ижтимоий-иқтисодий вазифалари ижросини таъминлаш учун бюджетга қўшимча маблағлар жалб қилиш имконини беради», — дейилади ҳужжатда.
Лойиҳа қабул қилинса, қарор 2022 йил 1 мартдан кучга кириши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 11 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламент мажлисида сўзлаган нутқида қулай бозор шароитида бензин ишлаб чиқарувчилар ва турли воситачилар қўшимча даромад олишини айтган эди.
«Ушбу фойданинг бир қисмини акцизлар орқали бюджет фойдасига олиб қўйиш зарур, деб ҳисоблайман. Ҳукумат тегишли ҳисоб-китобларни амалга ошириши керак. Айни пайтда нархларнинг ошишига йўл қўйиб бўлмайди», — дейди давлат раҳбари.
Аввалроқ Қозоғистонда бензин, дизель ёнилғиси ва автомобиль гази нархларини 180 кунга давлат томонидан тартибга солиш белгилангани ҳақида хабар берилган эди.