«Толибон» давлат хизматчиларининг ташқи кўринишига талаб қўйди
Афғонистоннинг Урузгон вилоятидаги «Толибон» ҳаракатининг маҳаллий вакиллари вилоятдаги ҳукумат вакилларидан ўз қиёфасини ислом тамойилларга мослаштиришни сўради. Бу ҳақда «Hasht e Subh Daily» газетаси хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят губернатори матбуот котиби Ўрузган вилоятида ўтказилган «солиқ йиғиш ҳафталиги»да давлат хизматчилари исломий тамойилларга амал қилиши, ташқи қиёфасини ўзгартириши, тинч-осойишта юриши, соқолини олдирмаслиги кераклигини айтган.
Шунингдек, ҳаракатнинг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги аллақачон сартарошларга ўз мижозларининг соқолини тўлиқ қирмасликни буюрган ва ҳозир Афғонистон шаҳарларидаги аксарият сартарошлар ўз мижозларининг соқолини ғарб услубида олишдан бош тортмоқда.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати аёлларнинг баъзи спорт тури билан шуғулланишини тақиқлаганди. Шунингдек, «Толибон» аёлларни армияга олиш шартини маълум қилганди.