Ўзбекистоннинг эркин иқтисодиёт индексидаги ўрни маълум қилинди
Ўзбекистон «Эркин савдо» назорат кўрсаткичида АҚШ, Япония, Хитой ва Россия каби давлатларни ортда қолдириб, 67-ўринга кўтарилди. Бу ҳақда Стратегик ривожланиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Мамлакат тўғри савдо сиёсати, тариф кўрсаткичини пасайтириш, божхона ва назорат тўсиқларини енгиллаштириш соҳаларига кўра, «Эркин савдо» назорат рейтингида 75,6 бални қўлга киритди. Кўрсаткич, 2021 йилдагига қараганда 20,2 балга ортган.
Ушбу рейтингда Ўзбекистон АҚШ, Япония, Хитой ва Россия каби давлатларни ортда қолдирди. Ҳозирги кунда мамлакат 2021 йилдаги 163-ўриндан юқорилаган ва 67-ўринга кўтарилиб, Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилик қилмоқда.
Қайд этилишича, «Эркин савдо» кўрсаткичининг ўртача бали 70,9 дан 69,5 га тушган ва 21 фоиз давлатлар ташқи савдода тарифланган ва тарифсиз тўсиқларни яхшилашга муваффақ бўлган.
Маълумот учун, иқтисодий эркинлик индекси мамлакатлардаги иқтисодий эркинликни баҳолайди. Мазкур рейтинг «Мерос фонди» (The Heritage foundation) АҚШ тадқиқотлар маркази ва «The Wall Street journal» нашри билан ҳамкорликда чоп этилади. Рейтинг ҳукумат аралашувининг йўқлиги ёки ишлаб чиқаришга тўсқинлик қилиш, товар ва хизматларнинг тақсимланиши ҳамда истеъмоли, фуқароларнинг эркинлигини зарурий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш каби талаблар асосида шакллантирилади.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг мобил интернет нархи бўйича жаҳондаги ўрни маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон аёллар учун энг хавфсиз давлатлар рейтингида 170 та мамлакат ичида 74-ўринни эгаллаганди.