Шавкат Мирзиёев Россия президенти администрацияси раҳбари ўринбосарини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 январь куни Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашув аввалида Дмитрий Козак Россия президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
«Яқинда ўтган олий даражадаги учрашув ва мулоқотларда эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга кучли суръат бағишлагани алоҳида таъкидланди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, саноат кооперацияси бўйича йирик лойиҳалар ва устувор гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда» дейилади хабарда.
Таъкидланишича, давлат раҳбари Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим эканини қайд этган. Шунингдек, Марказий Осиёда рўй берган воқелардан келиб чиқиб минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 17 январь куни амалий ташриф билан Тошкент шаҳрида бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Сердар Бердимуҳамедовни қабул қилганди. Шунингдек, давлат раҳбари 6 ноябрь куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурияни қабул қилгани хабар берилганди.