Янгиликлар - 15:07 · 19.01.2022

«Аҳоли масканларининг 95 фоизи мобил интернет билан қамраб олинди» — «Ўзбектелеком»

АОКАда 19 январь, чоршанба куни «Ўзбектелеком» компанияси директори ўринбосари Алишер Зуфаров иштирокида ўтказилган брифингда 2021 йилда Ўзбекистондаги аҳоли масканларининг 95 фоизи мобил интернет билан қамраб олингани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, мобил алоқа хизматларини ривожлантириш мақсадида 2021 йилда 902 та қўшимча база станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 минг 233 тага етказилган. Хусусан, 95 фоиз аҳоли масканлари мобил интернет билан қамраб олинган, 54 фоиз уй хўжалигига юқори тезликдаги симли интернетга уланиш имкони яратилган.

«Ўтган йили халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик имконияти 1800 Гбит/секундга етказилди. Оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф 42,9 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/секунд учун 30 минг сўмни ташкил этди», — деди Алишер Зуфаров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент IТ тармоқлар тезлигини 1,8 бараварга ошириш ва 2022 йилда барча аҳоли пунктлари мобил алоқа ва интернет билан таъминланиши юзасидан топшириқ берганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг мобил интернет нархи бўйича жаҳондаги ўрни маълум қилинганди.

Bugun — LIVE