Аввалроқ Украина мудофааси 2021 йилда АҚШдан олган техникалар сони, тури ва нархини очиқлаганди.
АҚШ Афғонистон ҳарбий вертолётларини Украинага беради
Украина Қуролли кучлари АҚШ ҳарбий ёрдами доирасида янги вертолётлар, жумладан, бешта «Mi-17V5s» ва битта «Mi-8MTV» олишни кутмоқда. Бу ҳақда «Defence Blog» хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўшма Штатлар Украинага аввал Афғонистон ҳаво кучларига тегишли бўлган олтита вертолётни беради. Вертолётларнинг биринчи партияси 2022 йилнинг баҳорида Украинага етиб келиши кутилмоқда.
Афғонистон матбуот хабарларига кўра, мамлакат ҳарбий ҳаво кучларининг 20 га яқин «Mi-8/17» вертолёти айни пайтда мамлакат ташқарисида ва уларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Бу вертолётлардан Афғонистон ҳукумат раҳбарлари ва ҳарбий хизматчилари Тожикистон ва Ўзбекистонга парвоз вақтида фойдаланган.
Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати Тожикистон ва Ўзбекистон расмийларини афғонистонликлар олиб ўтган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирганди.
«Тожикистон ёки Ўзбекистонга олиб ўтилган самолётларимиз қайтарилиши керак. Самолётларимиз хорижда қолишига ёки бу давлатлар ундан фойдаланишига йўл қўймаймиз. Келажакдаги ҳаво кучларимиз ҳеч қандай давлатга боғлиқ бўлмайди. Биз кучсизмиз, лекин ожиз эмасмиз. Ўзбекистон ва Тожикистон ‘Толибон’ ҳаракатининг сабрини синамаслиги ва афғон учувчилари олиб қочган самолёт ва вертолётларни қайтариб бериши керак. Акс ҳолда бу мамлакатлар салбий оқибатларга дуч келади», — деган Афғонистон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб.
Шу билан бирга, ҳаракат расмийси мазкур чақириқ қардош давлатлар билан муносабатларга таъсир қилмаслигини таъкидлаган. У афғон халқи Ўзбекистон билан азалдан яхши муносабатга экани ва бу давлат узоқ вақтдан буён «Толибон»нинг сиёсий раҳбарияти билан яхши алоқа ўрнатганини қайд этган.
«Ўзбекистон Афғонистон халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдами жўнатган, биз бундан миннатдормиз. Мазкур давлат Афғонистондаги мегалойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқчи. Биз иккаламиз ҳам мусулмон давлатмиз, бир-биримиз билан тинчлик ва биродарликда яшашни хоҳлаймиз. Бу ва бошқа ҳар қандай масалани дипломатик йўл билан ҳал қилишимизга ишонаман», — деган у.