Бухорода 18 ёшли маст «мойкачи» танишининг «Nexia»сини олиб қочди
Бухоро шаҳридаги автомобилларни ювиш шохобчасида ишловчи 18 ёшли йигит маст ҳолда мижозининг «Nexia-3» машинасини олиб қочди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Таъкидланишича, 15 январь куни соат 23:30 да 31 ёшли А.А. ўзига тегишли бўлган «Nexia-3» русумли автомашинани ювдириш мақсадида Шейхон кўчасида жойлашган автомобилларни ювиш шохобчасига борган. Олдиндан таниш бўлган шохобча ишчиси, 18 ёшли З.О.га транспорт воситасини ювиш учун ташлаб кетиб, ярим соатлардан сўнг уни олиб кетмоқчи бўлиб келганида З.О. автомашинани бошқариб кетиб қолган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида автомашина З.О. томонидан Шофиркон тумани ҳудудига бориб қолдириб кетилгани аниқланган. Автомашина ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан З.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қоидабузар процессуал тартибда ушланган.
Тергов жараёнида аниқланишича, шу куни З.О. маст ҳолатда транспорт воситасини олиб қочиб, кейинчалик Шофиркон тумани ҳудудига етиб келганида автомашинанинг газ ёнилғиси тугагани сабабли уни шу ҳудудда қолдириб кетишга мажбур бўлган.
Аввалроқ Тошкентда 13 ёшли бола «Tracker» автомобилини олиб қочгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда меҳмон уй эгасининг машинасини олиб қочган.