Эксперт минбари. Пул нега ва қандай ювилади? Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳақида батафсил
Базель давлат бошқаруви институти томонидан жаҳон миқёсида пул ювишга қарши кураш ҳолати таҳлил қилиб келинади. Ташкилот юритадиган «пул ювиш» индексида Ўзбекистон 141 давлат орасидан 43-ўринни эгаллади. Индексда 1-ўринни Афғонистон банд қилган бўлса, сўнгги ўрин Эстонияга насиб қилган. Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон — 27, Тожикистон — 32, Қозоғистон эса 73-ўринни эгаллаган. Туркманистон индексга киритилмаган. Рейтингда давлатлар пул ювиш даражаси бўйича юқоридан пастга қараб жойлаштирилган.
Пул нега ва қандай ювилади? Таъриф қаердан келиб чиққан? Пул қандай схемаларда ювилади? Ювилган пуллар учун қанақа жавобгарлик бор? «Bugun.uz» колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу хусусда сўз юритади.

Кирхоналар
Бундан 102 йил олдин, 1920 йилда АҚШда таркибида 1,23 фоиздан кўпроқ алкоголь бўлган ичимликларни ишлаб чиқариш, сотиш, олиб кириш ва олиб ўтишни тақиқловчи «Қуруқ қонун» қабул қилинди. Бироқ қонун амал қилган 13 йиллик муддат ялпи ҳушёрлик, тетиклик ва фаровонлик даври бўлмади. Аксинча, 1920 йиллар АҚШ тарихига гангстерлар, бутлегерлар (алкоголь контрабандачилари), ноқонуний алкоголь бозори, тез тўпланган капиталлар даври сифатида кирди.
Ўша пайтларда штатларда «чандиқ юзли» лақаби билан машҳур бўлган, неаполлик эмигрант оиласидан чиққан мафия сардори — Габриэль Альфонсе Капоненинг фаолияти бевосита спиртли ичимликлар контрабандаси билан боғлиқ эди. Контрабандадан ташқари Капоне қиморхоналар, фоҳишахона сақлаш ва рэкет (товламачилик) ортидан катта бойлик тўплайди. Эндиликда унинг олдида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш муаммоси турар эди.

Фото: «Mydiscoveries»
Муаммонинг ечими сифатида Капоне мамлакат бўйлаб кўп сонли кирхоналар тармоғини ташкил қилади. Хизмат кўрсатиш нархи жуда паст бўлган. Ўз навбатида, паст нархлар кўплаб мижозларни ўзига жалб қилган. Шу сабабли уларнинг сонини аниқлаш амалда имконсиз бўлган. Бу эса Капонега расмий ҳужжатларга кирхоналардан олинган даромад сифатида исталган суммани кўрсатиш имконини берган. Кирхоналар кирлар билан биргаликда жиноят натижасида олинган «ифлос» пулларни ҳам ювган. «Пул ювиш» атамаси кейинчалик Капоне ишини тергов қилган агентлар томонидан ўйлаб топилган.
Илк маротаба «пул ювиш» атамаси босма нашрларда (The Guardian) ўтган асрнинг 70 йиллари бошида, АҚШ президенти Ричард Никсоннинг истеъфоси билан якунланган «Уотергейт можароси» пайтида пайдо бўлган. Кўп ўтмай ушбу атама юридик луғатлардан ҳам ўрин олган.
Пул қандай ювилади?
Пул ювиш, кирхоналар мисолида кўриб чиқилганидек, жиноят натижасида олинган пул ёки бошқа мол-мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш учун унга қонуний тус бериш ҳисобланади. Содда қилиб айтганда, мулкдан очиқ ва оммавий фойдаланиш учун уни соядаги иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтказиш. Яна ҳам аниқроғи, пул ювиш — бу мулкий ҳуқуқларнинг келиб чиқиш манбасига қонуний кўриниш бериш.
Пул ювиш ўз ичига уч босқични қамраб олади. Жумладан:
- «жойлаштириш» — маблағларни маълум воситалар ёрдамида молия тизимига киритиш. Бу босқичда банк ҳисобрақамларига кичик миқдордаги (одатда, 10 минг долларгача) маблағ кўчирилади. Чунки катта миқдордаги пуллар молиявий назоратни амалга оширувчи органларда шубҳа уйғотиши мумкин;
- «чалкаштириш» — ноқонуний маблағлар манбасини ва уларнинг ҳақиқий эгасини ниқоблаш учун бир қатор мураккаб молиявий операцияларни амалга ошириш. Шунингдек, бунда маблағлар бирор-бир турдаги товар ва хизматлар учун тўлов сифатида бошқа ҳисобрақамларга ўтказилиши мумкин;
- «интеграция» — ювилган пулларни қонуний тадбиркорлик фаолиятига киритиш. Интеграция якуний босқич бўлиб, унда маблағлар яширин иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтади. Одатда, молиявий маблағлар кўчмас мулк, активлар ёки бизнеснинг бошқа тармоқларига сармоя сифатида киритилади.
Вазиятга қараб ушбу босқичларнинг баъзилари ўтказиб юборилиши ҳам мумкин. Масалан, аллақачон молиявий тизимда мавжуд бўлган пулларни «жойлаштириш»нинг ҳожати йўқ. Бунда пул ювиш «чалкаштириш» ва «интеграция» босқичлари орқали легаллаштирилади.

Пул ювиш схемалари
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш моҳиятига кўра иккиламчи жиноят ҳисобланади. Яъни бир жиноят содир этилиши орқасидан даромад олинади. Тўпланган даромадни қонуний муомалага киритиш учун эса яна бир жиноят — «пул ювиш» содир этилади. Шу нуқтаи назардан, «пул ювиш» ҳар доим бошқа жиноятлар ортидан эргашиб келади.
Шу боисдан, 1989 йилда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш борасида давлатлар ҳамкорлигини таъминлаш ва халқаро стандартларни ишлаб чиқиш мақсадида FATF — «Пул ювишга қарши молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳи» тузилган. FATF ўзининг ҳисоботларида пул ювишнинг энг кўп учрайдиган потенциал манбалари сифатида ўзлаштириш ва растрата, коррупция, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, молиявий сектордаги фирибгарлик ва наркотик моддалар савдосини кўрсатади.
Пул ювиш ҳар қандай турдаги товарлар савдоси шаклида амалга оширилиши мумкин. Бироқ FATF’нинг маълумотларига қараганда, пул ювиш схемаларининг энг кўпи олтин, қимматбаҳо тош ва минераллар, қурилиш моллари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида учрайди. Бу каби товарлар танланишининг сабаби шундаки, уларни божхонада синчковлик билан текшириш жуда қийин. Бундан ташқари, кийим-кечак ва озиқ-овқат каби маҳсулотларнинг катта ҳажмдаги партиясини текшириш узоқ вақт талаб қилади.

Кенг тарқалган пул ювиш схемаларига мисол сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
- Хорижий инвестиция
Бунда ноқонуний фаолият ортидан тўпланган даромадлар пул ювишни амалга ошираётган шахс томонидан ўзига ёки бошқа шахсга тегишли ташкилотларга инвестиция киритиш орқали легализация қилинади. Масалан, ташкилот раҳбари камроқ солиқ тўлаш мақсадида мол-мулкини расмий ҳужжатларда камайтириб кўрсатди. Бунинг натижасида 500 миллион сўм фойда олди. Бу пулларни эса хорижлик «инвестор»га тақдим қилди. Ўз навбатида, инвестор пулларни юқоридаги ташкилотга инвестиция сифатида киритди. Натижада жиноий фаолиятдан топилган пуллар қонуний муомалага чиқарилди.
- Конвертдаги ойлик
Иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар меҳнат шартномасига асосланади. Меҳнат шартномасининг тузилмаслиги, ходим фаолиятининг расмийлаштирилмаслиги иш берувчига ноқонуний олинган даромадларни легализация қилиш имкониятини бериши беради. Масалан, мебель ишлаб чиқарадиган фирмада штат бирлиги доирасида 50 киши фаолият юритади. Фирма раҳбари яна 10 кишини ёллади. Бироқ улар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмади. Схеманинг моҳияти шундаки, иш берувчи юқоридаги 10 нафар ходимга жиноят ортидан олинган даромадлар ҳисобидан пул тўлайди, эвазига эса уларнинг меҳнат фаолияти натижаларига эга бўлади. Улар ишлаб чиқарган мебеллар савдосидан тушган маблағ эса қонуний равишда кирим бўлади.
- Айланма транзакциялар
Бу стратегиядан, одатда, йирик жиноий ташкилотлар фойдаланиб келади. Бунда ушбу ташкилотлар ўзида кўп сонли аъзолар тармоғини жамлаган бўлиши лозим. Схеманинг моҳияти шундаки, шубҳа уйғотмайдиган оз миқдордаги пуллар кўплаб ташкилотлар, шахслар ҳисобрақамларига ва депозитларга турли вақт оралиғида ўтказилади. Кейинчалик бу пуллар жадвалга мувофиқ турли миқдорда ва турли вақт оралиғида қайтарилади.
- Ташқи савдо операциялари
Ташқи савдо пул ювиш учун қулай зоналардан бири ҳисобланади. Мисол учун, А. фирма (сотиб олувчи) хорижий Б. фирма (сотувчи) билан периферия моллари етказиб бериш тўғрисида шартнома тузди. Б. фирма товарни келишган сифат, миқдор ва вақтда етказиб бериш, А. фирма эса белгиланган нархда сотувчининг ҳисобварағига тўловни амалга ошириш мажбуриятини олди. Бир қарашда одатий ташқи савдо операциясини эслатади. Бироқ амалда товарлар мамлакат чегарасини кесиб ўтмайди, тўлов эса шартномага кўра амалга оширилади. Схеманинг моҳияти шундаки, ҳар иккала ташкилот бир шахсга тегишли (расман ёки норасман) бўлади. Шартнома учун тўловлар кўринишида пул маблағлари легализация қилинади.
- Кўчмас мулк савдоси
Пул ювишнинг энг кенг тарқалган схемаларидан бири бўлган кўчмас мулк савдоси бир пайтнинг ўзида ноқонунийлиги исботланиши мураккаб бўлган стратегия ҳам ҳисобланади. Бунда кўчмас мулк сотиб олингандан кўп ўтмай сотиб юборилади. Схеманинг моҳияти шундаки, сотишда мулк нархи исталганча кўрсатилиши мумкин. Масалан, А. исмли шахс 350 миллион сўмга турар жой сотиб олди. 2 ойдан сўнг Б. исмли шахс билан уйни шу нархда сотишга келишди. Бироқ шартномада уй нархи 500 миллион сўм қилиб кўрсатилди. Натижада 150 миллион сўм савдодан олинган даромад сифатида қонуний муомалага киритилди.
- Касса аппарати
Касса аппарати бизнес схемаси катта миқдордаги нақд пулларни ювиш учун энг классик схемалардан бири. Бугунги кунда ҳам кўплаб ташкилотлар ўз транзакцияларини нақд пулда амалга оширади. Бунда сотиладиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар кўпинча нақд кўринишда бўлади. Капоненинг кирхоналар тармоғи пулларни айнан шу схемада ювган.
Ювилган пуллар учун жавобгарлик
Юқорида таҳлил қилинганидек, пул ювиш бошқа бир жиноят натижасида олинган даромадга қонуний тус бериш, манбасини легализация қилиш мақсадида амалга оширилади. Шу нуқтаи назарда, у содир этилган жиноятнинг давоми, яъни ноқонуний хатти-ҳаракатни яшириш воситасига ўхшаб кетса-да, алоҳида жиноят таркибини ташкил қилади. Пул ювиш жиноят қонунчилигида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш номи билан тавсифланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 243-моддасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, диспозицияда пул ювиш шакллари кўрсатилади. Жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш:
- жиноий фаолият натижасида топилган мулкни ўтказиш, мулкка айлантириш ёхуд алмаштириш йўли билан унинг келиб чиқишига қонуний тус бериш;
- мол-мулкнинг асл хусусиятини, манбасини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини, пул маблағларига ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки унинг кимга қарашлилигини яшириш ёхуд сир сақлаш каби ҳаракатларни ўз ичига олади.
Пул ювиш хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра оғир сифатида тавсифланиб, 243-модда санкциясида фақатгина битта жазо — озодликдан маҳрум қилиш (5 йилдан 10 йилгача) белгиланган.