Олимлар олтинчи оммавий қирғин бошланганини эълон қилди
Жараён нималарга таъсир қилиши айтилган
Маноадаги Гавайи университети олимлари Ерда тирик мавжудотларнинг олтинчи оммавий қирилиши бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда «Science Alert» хабар берди.

Маълум қилинишича, турларнинг йўқ бўлиб кетиш суръати ошгани ва кўплаб ҳайвонлар, ўсимликлар популяцияси сонининг камайиши оммавий қирғин аллақачон бошланганидан далолат беради. Аммо бошқа олимлар бу фикрга қўшилмаган, жумладан, бунга ҳайвонларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини баҳолашда фақат сутэмизувчилар ва қушлар ҳисобга олингани, умуртқасиз ҳайвонларнинг йўқ бўлиб кетишига кам эътибор қаратилгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Таъкидланишича, Ердаги ҳайвонларнинг биологик хилма-хиллигини жиддий қисқариши аллақачон бошланган, мутахассислар бу янги — олтинчи оммавий қирғиннинг биринчи белгиси эканини айтган. Улар эрамизнинг 1500 йилларидан бошлаб сутэмизувчилар ва қушларнинг тахминан 1,5 фоизи йўқ бўлиб кетганини қайд этган. Аммо эътибор умуртқасиз ҳайвонларга қаратилса, бу рақам янада ваҳимали бўлиши айтилган. Қизиғи шундаки, умуртқасиз ҳайвонлар маълум ҳайвонлар турларининг катта қисмини ташкил қилади (баъзи маълумотларга кўра, 97 фоизгача).
Тадқиқотчиларнинг фикрича, тахминан XVI асрдан бери моллюскалар икки миллион турнинг 7,5–13 фоизини йўқотган. Бу 150–260 минг турни ўз ичига олиб, «Қизил китоб»га киритилганлар (882 тур) сонидан бир неча марта кўпдир.
Аввалроқ олимлар Ер улкан космик пуфак билан ўралганини маълум қилганди. Шунингдек, америкалик олим Ернинг ҳалқаси пайдо бўлишини маълум қилганди.