Таҳлил, Янгиликлар - 22:34 · 19.01.2022

Ўзбекистон ер ислоҳоти ўтказиш арафасида. Тақсимот қандай амалга оширилади?

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини очиқ электрон танлов асосида ажратишнинг янги тизими ишлаб чиқилди.

Фото: «Bugun.uz»

Мазкур тизим Президентнинг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан жорий этилади.

Лойиҳаларни ишлаб чиқишдан олдин ерларни аҳоли ўртасида мутаносиб равишда қайта тақсимлаш бўйича «ер ислоҳоти» ўтказган давлатлар тажрибалари таҳлил қилинган.

«GINI» индексининг 1960–2000 йиллардаги таҳлилига асосланган Жаҳон банкининг тавсиясида «ер ислоҳоти» тенгликка эришишнинг энг самарали воситаси сифатида кўрсатилган. Бу тавсияларда ер ислоҳотини ўтказган давлатларда (Хитой, Япония, Таиланд, Индонезия) иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш бошқаларга нисбатан анча юқорилиги алоҳида эътироф этилган.

Лойиҳа 4 та асосий мақсад асосида ишлаб чиқилган:

  • қишлоқ жойларида барқарор ва юқори даромадли иш ўринларини шакллантириш;
  • қишлоқ хўжалигида ўсиш суратларини жадаллаштириш (тиклаш);
  • озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
  • асосий турдаги озиқ-овқат нархлари барқарорлигига эришиш.

Юқорида ҳужжатлар асосида қуйидаги ишлар амалга оширилади:

  • паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган, фермер ва кластерлар фойдаланишидаги 200 минг гектар ерни босқичма-босқич (2022–2025 йилларда, шундан 80 минг гектари 2022 йилда) заҳирага қайтариш;
  • заҳирага олинган ер майдонларида деҳқон хўжалиги юритиш учун ерларни 0,1 гектардан 1 гектаргача бўлган ҳажмларда 10 йил муддатга ижара бериш.

Ер участкаларини ижара беришни ташкиллаштириш учун қуйидаги ахборот тизимлари орқали очиқ электрон танловлар ташкил этиш:

  • «E-Ijara» ахборот тизими — ер участкалари тўғрисидаги материллларни тўплаш, кўриб чиқиш ва келишиш қисми;
  • «E-Auksion» савдо майдончаси — танловни ташкил этиш ва расмийлаштириш қисми;
  • ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, узумчилик ва полизчиликда яхши натижаларга эришган (ҳоким ёрдамчиси томонидан баҳоланади), бу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга очиқ электрон танловларда алоҳида устуворлик бериш;
  • ижарага берилган ер майдонларининг тупроқ шароити, ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда «Бир ҳудуд — бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулот етиштиришга асосий эътибор қаратиш;
  • янги ажратилган ва илгари фойдаланишда бўлган ерларда кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчиликни ривожлантириш, полиз, дуккакли, мойли экинлар ва картошка етиштиришни молиялаштириш механизмларини белгилаш.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги ерлари экин экиш учун 1 йилгача иккиламчи ижарага берилади, шартнома ихтиёрий тузилади ва у фермерни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилмайди.

Ўзбекистон ҳукумати бу лойиҳаларни амалга оширишдан бир нечта натижаларни кутмоқда. Хусусан:

  1. 200 минг гектар ер майдонини қайта тақсимлаш орқали камида 525 минг ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланади;
  2. қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улуши ортади;
  3. ер ажратишдаги коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари кескин камаяди;
  4. ер ажратишдаги харажатларни норасмий тўловлар орқали қоплаш амалиётига чек қўйилади.

Хорижий давлатлар тажрибаси

Мамлакатда амалга оширилиши кутилаётган экин ерларини қайта тақсимлаш ислоҳоти бир қатор давлатларда муваффақиятли ўтказилган. Масалан:

  1. Хитойда 4 та босқичда ислоҳот ўтказилиб, биринчи босқичда (1978–1995) жамоалар ихтиёридаги 135 миллион гектар экин ерлари 180 миллион оилага деҳқончилик қилиши учун 1–5 йиллик муддатга ижара ҳуқуқи билан бўлиб берилган. Иккинчи босқичда эса (1986) ижара ҳуқуқи муддати 30 йилга узайтирилган. Учинчи босқичда (1999) ижара ҳуқуқини мерос қилиб қолдириш, айирбошлаш, субарендага бериш, бирлаштириш ва гаровга қўйиш ҳуқуқи берилган. Тўртинчи босқичда (2013) ерларни бошқа шахсларга ўтказишга руҳсат берилган. Шунингдек, 1986 йилда квотадан ташқари экин экиш ва ҳосилни пулга ва натурага алмашишга руҳсат этилган ҳолда агротехник тадбирларни мустақил ўтказишга имкон берилган. Бозор механизмлари шакллангандан сўнг давлат буюртмаси бекор қилинган.
  2. Вьетнамда 1986–1993 йилларда ер ислоҳоти амалга оширилган ва давлат ихтиёридаги 80–85 фоиз (4 миллион гектар) ер оилаларга 10–15 йиллик муддатга ижарага берилган. Кейинроқ ижара муддати 50 йилга узайтирилган. 1986 йилда экин турини ва сотиб олувчини эркин танлаш ҳуқуқи берилган. 1993 йилда ерларни алмашиш, ижарага бериш, мерос қилиб олиш ва гаровга қўйишга рухсат этилган бўлса, 2016 йилдан бошлаб сотишга рухсат берилган.
  3. Индонезияда 1960–1990 йилларда ўтказилган қайта тақсимлаш доирасида бир шахс эгалик қилиши мумкин бўлган меъёр белгиланиб, ортиқча ерлар давлатга қайтарилган. Натижада 12,3 миллион гектар экин ерлари 5 миллион кишига қайта тақсимланган.
  4. Бразилияда 1997 йилдан бошлаб ери йўқ қишлоқ аҳолисига ер сотиб олиши учун кредитлар ажратиш бошланган. Шундан сўнг, 2002 йилгача 15 минг 700 га яқин оила 422 минг 400 гектар ер майдонини сотиб олган.

Бундан ташқари, ерни қайта тақсимлаш Жанубий Африка Республикасида (4,2 миллион гектар ер 1,5 миллион нафар одамга), Грузияда (4 миллион нафар фуқарога ўртача 0,9 гектардан), Руминияда (9,4 миллион гектар давлат ерлари аҳолига кичик улушларда) ва Болгарияда (94 фоиздан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерлари аҳолига кичик улушларда) ҳам амалга оширилган.

Қайта тақсимлаш бу давлатларда иқтисодий-ижтимоий соҳаларга ижобий таъсир ўтказган.

Масалан, Хитойда қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш суръати 8,2 фоизга, экспорт 2,5 бараварга, деҳқонларнинг соф даромади 5,3 бараварга ошган.

Вьетнамда эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 2,5 баравар, меҳнат унумдорлиги эса 1,7 бараварга ошган.

Ўзбекистонда бу соҳадаги ҳозирги вазият қандай?

Мамлакатда айни вақтда фойдаланилаётган қишлоқ хўжалиги ерлари жами 3,4 миллион гектар бўлиб, ундан 2,5 миллион гектари (74 фоизи) фермер хўжаликларига (ишлаб чиқариш ҳажми 5 миллиард доллар), 0,5 миллион гектари (15 фоизи) эса деҳқон хўжаликларига (ишлаб чиқариш ҳажми 4,95 миллиард доллар) тақсимланган.

Қишлоқда яшовчи меҳнатга лаёқатли 9,5 миллион нафар одамнинг фақат 22 фоизи расман қишлоқ хўжалигида ишлайди.

Фермерлар 1 гектар ерда ўртача 1982 долларлик маҳсулот етиштирса, деҳқонлар 10 499 долларлик (5,3 баравар юқори) маҳсулот етиштиради.

Экин ерларини аҳолининг кенг қатламларига кичик оилавий деҳқон хўжалиги юритиш учун тақсимлаб бериш орқали ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириши мумкин.