Қашқадарё ва Самарқандни боғловчи довон тинимсиз қор ёғиши сабаб ёпилди
Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтақорача довони тинимсиз қор ёғиши сабаб 19 январь куни ёпилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, соат 07:15 дан Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг Тахтақорача довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Бунинг асосий сабаби тинимсиз ёққан қор оқибатида йўлнинг юза қисмида музламалар ҳосил бўлгани этиб кўрсатилган.
Айни дақиқаларда тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш борасида кенг кўламли профилактик ишлар амалга оширилмоқда.
Аввалроқ — 26 декабрь куни ҳам Тахтақорача довонида ноқулай об-ҳаво сабаб транспорт воситалар ҳаракати вақтинча чекланганди.